Сўнгги кунларда мана шу майдоннинг ўзбек сегментида бир мавзу кенг муҳокама ва баҳсларга сабаб бўлмоқдаки, Kun.uz мухбири айни мавзуни жамоатчилик фаоллари, масалага бевосита масъуллар иштирокида таҳлил қилди.

Ташаббусли бюджет – бу лойиҳа орқали одамлар сўнгги вақтларда чиндан ҳам ўз овозининг аҳамиятига ишона бошлагани, англаётгани, дахлдорликни сезаётгани, бир мақсад йўлида ўзаро уюшишни ўргангани рост. Аммо...

Интервью давомида ана шу “аммо” ҳақида, лойиҳанинг баҳсларга сабаб бўлаётган айрим қирралари ҳақида гаплашилди.

Интервью меҳмонлари Иқтисодиёт ва молия вазирлиги бўлим бошлиғи Азимжон Ҳасанов, иқтисодчи Отабек Бакиров ва блогер Умид Ғофуров бўлди.

— Умид ака, бугунги интервьюга сизни бежиз таклиф қилмадим. Юқорида айтганимдек, лойиҳанинг айрим жиҳатлари бўйича маълум бир қатлам инсонларда эътирозлар бор ва бу ҳақда сиз ҳам доимий тарзда фикр билдириб келасиз.

Хўш, лойиҳада сизни қониқтирмайдиган жиҳатлар айнан қайсилар? Жамоатчилик вакили сифатида ўша иккинчи томон нимани ўзгартиришни истаётганини бизга аниқ қилиб тушунтириб бероласизми?

Умид Ғофуров:

— Бу ҳақида ўтган йилдан бошлаб ёзаман мен. Бир томондан яхши бу лойиҳа. Лойиҳа сайти ташкил қилинганида мен унинг номидан келиб чиқиб, бошқача ўйлаган эдим. Яъни биздаги айрим муаммолар бюджетнинг очиқ эмаслигидан келиб чиқади, Open budget (очиқ бюджет) шунга ечим деб ўйлаган эдим. Менга ёқмаётган томони шуки, давлат пул етмаяпти, бор пулни ўзларинг ҳал қилиб олинглар, деётгандек бўляпти. Тўғри, ҳамма нарсага ҳам етмайди пул. Лекин бугунги кўриниши овоз йиғолсанг, бўлади, йўқса, ўзинг айбор бўласан, дегандек.

Эътирозим шуки, биз сабаблар билан курашмаяпмиз. Йил бошида бюджет маблағи тақсимланади соҳаларга. Биз шу маблағнинг сарфланишини назоратга олмаяпмиз. Асосий бюджет назорати кучайтирилса, ташаббусли бюджетга эҳтиёжимиз қолмайди. Бошқа давлатларда ташаббусли бюджет ортган маблағ эвазига бўлади. Бизда ҳам ортган пул ҳисобига бўляпти. Лекин ғалати: бирламчи эҳтиёж бўлган масалалар ортган пулдан қилинадиган нарсалар эмас, уларни қилиш шарт.