Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
ИМВ: «Ташаббусли бюджет»да ғолиб бўлган лойиҳаларнинг ярми ички йўлларга оид
2025 йилнинг иккинчи мавсуми доирасида республика бўйлаб қиймати 3 трлн 186 млрд сўмлик 2332 та лойиҳа ғолиб деб топилди. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги (ИМВ) маълумотларига кўра, ғолиб ташаббусларнинг ярми ички йўлларни таъмирлашга оид. Тошкент шаҳри ва Навоий вилоятидан ташқари барча ҳудудларда ички йўллар лойиҳалари энг кўп овоз тўплаб, ғолибликни қўлга киритган.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги “Ташаббусли бюджет”нинг 2025 йил иккинчи мавсуми натижалари юзасидан ҳисобот эълон қилди. Расмий маълумотларга кўра, жорий мавсумда 18 734 та лойиҳа иштирок этди, улар учун жами 11 млн 137 мингта овоз берилган. Натижада қиймати 3,1 трлн сўмдан ортиқ бўлган 2332 та лойиҳа ғолиб деб топилган.

Ҳудудлар кесимида энг кўп ғолиб чиққан лойиҳалар қуйидагича тақсимланган:
• Фарғона вилояти – 274 та;
• Тошкент вилояти – 230 та;
• Самарқанд вилояти – 220 та.
ИМВ ҳисоботида қайд этилишича, ғолиб бўлган лойиҳаларнинг 51,1 фоизи ички йўлларга оид. Умумтаълим мактаблари билан боғлиқ лойиҳалар эса умумий натижанинг 20 фоизини ташкил этган.
Овозлар сони бўйича энг юқори бешликка Ургут, Учкўприк, Денов, Каттақўрғон ва Пастдарғом туманлари кирган.
Пойтахтда ғолиб бўлган ташаббусларнинг асосий қисми — 44 фоизи умумтаълим мактабларига оид. Соғлиқни сақлаш соҳасидаги лойиҳалар эса 25 фоиз улуш билан иккинчи ўринни эгаллаган.
Ҳисоботда таъкидланишича, деярли барча ҳудудларда ички йўллар лойиҳалари энг катта улушга эга бўлган. Фақат Тошкент шаҳри ва Навоий вилоятида бундай тенденция кузатилмаган. Масалан, Қашқадарё вилоятида ғолиб бўлган лойиҳаларнинг 88 фоизи, Наманганда — 73 фоизи, Самарқанд ва Хоразмда эса 64 фоизи йўллар билан боғлиқ.
Эслатиб ўтамиз, “Очиқ бюджет” порталининг “Ташаббусли бюджет” жараёнида 2025 йилги иккинчи мавсум ғолиб лойиҳалари 1 сентябр куни эълон қилинган.
Бу мавсумнинг биринчи босқичи 15 июлдан 3 августгача давом этган бўлиб, унда лойиҳалар рўйхатга олинган. 4–18 август кунлари саралаш босқичи, 19–21 август кунлари тарғибот босқичи ўтказилган. 22–31 август кунлари эса овоз бериш жараёни бўлиб ўтган.
Аввалроқ, “Ташаббусли бюджет жараёнларини такомиллаштириш доирасида халқ вакиллари ва сайловчилар ўртасида ҳамкорликни кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида” президент қарори қабул қилингани хабар қилинганди. Унга мувофиқ, 2026 йил 1 январдан депутатлар ҳар йили «Ташаббусли бюджет» жараёнларида ўз округларида ғолиб чиқмаган, аммо аҳолининг кундалик турмушига таъсир қиладиган иккита (ҳар мавсумда биттадан) лойиҳани танлаб, “Очиқ бюджет” порталига киритиши мумкин бўлади.
Мавзуга оид
15:16 / 14.10.2025
Солиқлар вақтида тўланган маҳаллаларга «Ташаббусли бюджет»да қўшимча маблағ ажратилади
20:20 / 11.09.2025
“Ташаббусли бюджет”да 35 та лойиҳа қўшимча ғолиб деб топилди
09:25 / 02.09.2025
Ташаббусли бюджет жараёнида халқ вакиллари ва сайловчилар ўртасида ҳамкорлик кучайтирилади
10:35 / 01.09.2025