Ўзбекистон | 19:19 / 30.03.2023
19824
3 дақиқада ўқилади

Бир юртнинг турли таомлари: қозонпатирдан тандир гўштгача

Фото: KUN.UZ

Ўзбек миллий таомлари ҳақида сўз кетганда кўз ўнгингизга энг аввал палов келса-да, Ўзбекистон ҳудудларининг ўзига хос миллий таомлари бор. Вилоятларда меҳмонларга турлича таомлар миллий овқат сифатида тақдим этилади.

Норин

Тошкентда азиз меҳмонни норин билан сийлашади. Дастурхонда албатта бу таом бўлиши керак.

Жиззах сомса

Жиззахнинг тандир сомсаси таърифи чет эллик сайёҳларга ҳам яхши таниш. Тошкентдан Самарқандга йўлга чиққан одам, албатта, Жиззахда тўхтаб, сомса еб кетади. Жиззах сомсасининг ўзига хос таъми қолган вилоятлардагидан ҳажми, гўшт ва думба ёғининг мўллиги билан фарқ қилади.

Қозон патир

Иккинчи Швейцария деб таърифланадиган Зоминнинг қозон патири ҳам тилларда машҳур. Қозонда пишириладиган бу нон тайёр бўлганида шакли қозонни эслатади. Иссиқлигида унга кувида тайёрланган сарёғ солишади. Иссиқда эриб ноннинг ўртасида тўпланган сарёғ ўзига хос таъм бағишлайди. Нонни бир чеккасидан синдириб, ўртасидаги сарёғга ботириб истеъмол қилинади.

Самарқанд нон

Самарқанд нафақат тарихий обидалари, балки нонлари билан ҳам машҳур. Тарихда Самарқанддан новвойлар олиб бориб бошқа шаҳарларда нон тайёрлатмоқчи бўлишгани, лекин ўхшамагани ҳақидаги афсоналар мавжуд.

Самарқанд нонларига бир сутка давомида ишлов берилади ва жуда кўп куч сарфланади. Балки шунинг учундир, ноннинг ўзига хос мазаси, кўриниши неча замонларки одамларни ҳайратлантиради.

Тухум барак

Хоразмда меҳмонни албатта тухумбарак билан сийлашади. Хамир ичига тухум солиб тайёрланадиган бу тоамнинг ҳам бир неча турлари бор. Ёйиб кесилган хамир бўлаклари ичига тухум солиб, сувда пишириб олинади ва қатиқ билан дастурхонга тортилади.

Шунингдек, Хоразм нонлари ўзининг катта ва юпқа бўлиши билан бошқа ҳудуд нонларидан ажралиб туради.

Тандир гўшт

Қашқадарёда азиз меҳмоннинг оёғига қўй сўйиб, бутунича тандирда пиширишларига нима дейсиз? Тоғ арчаси ва зираворлар билан ишлов берилган гўшт ер тандирга осиб чиқилади. Тандирнинг оғзи лой билан сувалади.

Тандир гўштини бир еган одам унинг таъмини узоқ вақтгача эслаб юриши аниқ.

Биқтирма

Қашқадарёга қўшни бўлган Сурхондарё вилоятида ҳам гўштли таомлар дастурхон кўрки ҳисобланади. Воҳада тайёрланадиган биқтирма таоми ҳам гўштдан иборат.

Қизиган қозонда яхшилаб қовурилган гўшт ва бир оз пиёз тўрт соат давомида сувда қайнатилади. Овқатнинг суви ҳам гўшт таъмини беради. Бундай тамаддидан сўнг анча вақтгача очлик ҳиссини туймайсиз.

Девзирадан ош

Водий томонларда девзирага бўлган ошни севиб истеъмол қилишади. Азиз меҳмонларни ҳам албатта шундай ош билан сийлашади. Девзира гуруч бошқа гуруч навларидан ўзининг ҳажми ва ранги билан фарқ қилади. Ундан тайёрланган ош ҳам, албатта, шунга монанд бўлади.

Мавзуга оид