Чекка ҳудудларни қўя турайлик, ҳатто вилоят марказларида ҳам ҳанузгача кадрлар етишмовчилиги сезилади. Ташкилотларда айнан ўз соҳасининг мутахассислари эмас, балки ишни эплагани учун бошқа соҳа вакиллари фаолият юритаётганини кўриш мумкин.
Ташкилотларда мутахассис етишмовчилиги, ёш кадрларда эса иш муаммоси. Бунинг асл сабаби нимада?
Вилоятларда давлат ташкилотлари ва хусусий секторда мутахассислар етишмаслиги бот-бот тилга олинади. Аммо ҳар йили бир неча ўн минглаб талабалар олий таълим муассасаларини тамомлаб, туғилиб ўсган ҳудудига қайтиб кетишади. Хўш, пойтахтдан ташқарида иш топиш қай даражада осон ёки қийин? Буни амалда синаб кўришга қарор қилдим. Бакалавр ва Магистр дипломларимни олиб иш излашни бошладим.
Февраль. Магистратурани тамомлаганим боис дастлаб вилоятдаги олийгоҳлар эшигини қоқдим. Бешта олий таълим муассасасининг биттаси юқоридан штат келиши кераклигини, ўзи хабар беришини айтди. Учтаси январ ойида келмаганлигим боис иш қолмагани, дарслар тақсимлаб бўлингани ва ойлик маоши кам ишлар борлиги, улар менга тўғри келмаслигини билдирди.
Жиззах давлат педагогика университетида(ЖДПУ) ўзлари хабар беришларини айтиб маълумотномамни олиб қолишди.
Март. 1 март санасида ЖДПУ ходимлар бўлими бошлиғи Илҳом Бўриев телефон қилиб чақирди. Борганимда ишга олишларини, университетнинг медиа марказида журналистик фаолият билан шуғулланишимни айтди. Фақат ректор билан суҳбатлашганимдан сўнг ҳаммаси аниқ бўлар экан. Таксичи айтганчалик қийин эмас экан-ку, ишга кириш, деб топширилган вазифага шўнғиб кетдим.
Бир ҳафта давомида тўртта профессордан интерью олиб, биттасини монтаж ҳам қилиб бердим. Иш бошлаган кунимдан буйруқ чиқаришларини айтган бўлишса-да, на ректорнинг суҳбатидан, на қилишим керак бўлган ҳужжатлар рўйхатини беришдан дарак бор.
Ҳар куни шу вақтда ректорнинг олдига кирасиз дейди “кадр”. Ўша вақт келганда ректор дам ҳокимиятга кетган, дам вазир билан видеомулоқот қилаётган бўлади. Хуллас, иш бор-у, ишга олишдан дарак йўқ.
Бўлимдаги оператор йигитчанинг сўзига қараганда мендан аввал бир ярим ой давомида ишлаган журналистга буйруқ чиқмаган, шунча вақт ишлаганидан сўнг ходимлар бўлими бошлиғи уни ишга ололмаслигини айтган.
Ойлик маош бир миллион тўрт юз минг сўм. Уч ойгача устама ёзилмайди. Уч ойдан сўнг ҳам ишингизга қараб (аниқроғи талаб қила олишингизга қараб) устама ёзишар экан. Бу ойлик ҳатто ишга келиб-кетиш харажатларини ҳам қопламайди.















