Тил – миллат ғурури, тил бор экан, миллат яшайди. Ўзидан кучли, ҳукмрон тиллар таъсирида таназзулга учраган тиллар, миллатларга тарих гувоҳ. Шунинг учун ҳам ҳар қандай мустақил давлат ўз тилини ҳар томонлама ривожлантиришга, илм-фан, давлат тили сифатида кенг ва фаол қўлланишига шарт-шароит яратади, ўзга тиллар таъсирига тушиб қолишидан ҳимоя қилади.
1989 йилда давлат тили мақомига эга бўлган она тилимизга юқорида айтилгандай эътибор бўлмагани сабаб ҳукмрон тил (рус тили) соясида расмий тил мақомини йўқотиб, оддий сўзлашув тили даражасига тушиб қолгани мутахассислар томонидан кўп ва хўп айтилди, бунга ортиқча тўхталиб ўтирмаймиз.
2019 йилдан сўниб бораётган умидлар яна аланга олди. Тилимизнинг ҳозирги аҳволи, йиғилиб қолган муаммолар юртбошимиз томонидан айтилганига, шу йилнинг 21 октябр куни “Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги тарихий фармон имзоланганига, Вазирлар Маҳкамаси тузилмасида давлат тили муаммолари билан шуғулланувчи алоҳида департамент ташкил қилинганига барчамиз гувоҳмиз.
Уч йилдан ортиқ давр мобайнида департамент фаолияти, давлат тили бўйича қабул қилинган қонун, фармон ва қарорлар, уларнинг тилимиз ривожидаги аҳамияти хусусида ижтимоий тармоқларда айтиб ўтганмиз. Аммо ҳозирги айтадиган гапимиз Вазирлар Маҳкамаси тузилмасидаги ўзгаришлар натижасида департаментлар тугатилиши, шунинг натижасида тил сиёсати бўйича йиғилиб қолган саволлар, мавҳумликлар ҳақида.
Гап шундаки, давлат тили бўйича маслаҳатчилар, мутахассислар томонидан “Шунча топшириқлар ижроси, назорати нима бўлади?” “Наҳотки, давлат тили учун масъул орган йўқ бўлиб кетади?” “Маслаҳатчилар фаолияти нима бўлади?” каби саволлар тинимсиз янграмоқда. Иккинчидан, бундай саволларга тайинли жавоб йўқлиги қандайдир мавҳумликни пайдо қилгандай. Гўёки бир сеҳргар келиб бизнинг онг-у шууримиздан тилимиз бўйича фикрларни ўчириб ташлагандай. Тилимизнинг аҳволи яна ўз ҳолига ташлаб қўйилгандай тасаввур пайдо бўляпти. Кузатишларим шундай ўйлашга мажбур қиляпти. Қуйидаги фактларга эътиборингизни қаратмоқчиман:
Биринчидан, Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 10 февралдаги 61-сонли қарори билан 2023 йил 1 январдан “Ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъи назар, барча ташкилотларда иш юритиш ҳужжатлари ва бошқа ҳужжатларни лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосида ишлаб чиқиш, қабул қилиш ва эълон қилиш амалиётини тўлиқ жорий қилиш” белгилаб қўйилган. Ҳукуматнинг мазкур қарори ижроси қай аҳволда? Тўғри, ўз лавозим вазифасига масъулият билан ёндашадиган вазирлик, идораларда иш юритиш лотин ёзувига ўтилган, лекин ҳаммасида эмас-да! “Ўзбекистон Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасининг тўлиқ матнининг кирилл ёзувида эълон қилиниши ҳозирги аҳволимизни кўрсатиб турибди. Ҳатто мен билган баъзи тилшунослар ҳам қайта кирилл ёзувига ўтиб кетди.















