21:51 / 31.03.2023
15883

Президент хоразмлик деҳқонлар билан учрашди 

Шавкат Мирзиёев Хоразм вилояти, Янгибозор туманидаги «Хоразм фахри» уруғчилик кластери даласида бўлди. 

Қайд қилинишича, кластернинг умумий ер майдони 286 гектар. Шундан 147 гектарида ғалла, 122 гектарида пахта етиштирилмоқда. 45 киши доимий иш билан таъминланган. 

Давлат раҳбари экинлар ривожини кўздан кечирди. Ғалла ва ғўзанинг нави, мевали дарахтлар ҳосилдорлиги билан қизиқди. 

Хоразм вилояти сув тақчил ҳудуд саналади. Шунинг учун деҳқончиликда сув тежовчи технологиялардан фойдаланишга ҳаракат қилинмоқда. Ғалла майдонининг бир қисмида ёмғирлатиб суғориш йўлга қўйилган. Олма кўчатлари қадалган янги боғ ораларига эса сабзи, пиёз, шолғом каби қишлоқ хўжалиги экинлар экиш йўлга қўйилган. 

Президент бундай омилкорликни бошқаларга ҳам ўргатиш кераклигини таъкидлади. 

Қайд қилинишича, Ўзбекистонда ғалладан бўшаган майдонлар такрорий экин экиш учун ишсиз аҳолига бўлиб берилмоқда. «Хоразм фахри» уруғчилик кластерида ҳам 80 нафар аҳолига 30 сотихдан сабзавот экиш учун ер берилган. Бу йил яна 26 нафар кишига ер ажратилиши кўзда тутилган. 

Президент шу ерда қишлоқ хўжалиги ходимлари, фермер ва деҳқон хўжаликлари вакиллари билан суҳбатлашди. Хоразмнинг тупроғига мос экинлар етиштириш, қишлоқ хўжалигини саноатлаштириш муҳимлиги қайд этилди.

 

Шу билан Шавкат Мирзиёевнинг Хоразм вилоятига ташрифи якунланди. 

Top