Жамият | 18:42
645
2 дақиқада ўқилади

Президент маҳаллаларда жиноятчиликни камайтириш бўйича янги вазифаларни белгилади

Президент ҳузурида ўтган йиғилишда маълум қилинишича, сўнгги уч йилда криминоген вазияти оғир бўлган 1 162 та маҳалланинг 571 тасида жорий йилда бирорта ҳам жиноят содир этилмаган. Энди ушбу тажриба асосида янги методика ишлаб чиқилиб, у аввало криминоген вазияти оғир маҳаллаларда жорий этилади.

Фото: Президент матбуот хизмати

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 16 июль куни “маҳалла еттилиги” фаолиятини янгича ташкил қилиш бўйича устувор вазифалар юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилди.

Маҳаллаларда жиноятчиликни жиловлаш бўйича яратилган тизим ўз натижасини бераётгани қайд этилди. Сўнгги уч йилда криминоген вазияти оғир бўлган 1 минг 162 та маҳалланинг 571 тасида бу йил бирорта жиноят содир этилмади.

Таъкидланишича, бунга видеокамералар ўрнатилиб, хавфсиз кўча ва йўлаклар ташкил қилингани, аҳоли муаммолари илмий асосда ҳал этилгани, оилаларга психологик ёрдам кўрсатилгани натижасида эришилди.

Энди жиноятчиликни жиловлашга масъул илмий ташкилотлар билан бирга намунали маҳаллалар тажрибаси асосида методика ишлаб чиқилади. Йил давомида “қизил” ва “сариқ” тоифадаги маҳаллалар профилактика инспекторлари ушбу методика бўйича жойига бориб ўқитилади.

Наманган вилоятида профилактика инспекторларига ёнкамералар берилиб, планшетларига интеграция қилинган тажриба ҳам ижобий натижа берган. Бу орқали фуқаролар шахсини аниқлаш, маъмурий баённома тўлдириш ва судга материал юбориш автоматлашган.

Натижада профилактика инспекторларининг иш юкламаси қисқариб, айрим маҳаллаларда жиноятлар 10 тадан 5 тага камайган. Мазкур тажрибани йил якунигача Наманган вилоятида тўлиқ, қолган ҳудудларда эса криминоген вазияти оғир бўлган 448 та маҳаллада йўлга қўйиш вазифаси белгиланди.4

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид