Жамият | 18:31
818
2 дақиқада ўқилади

Президент ижтимоий ёрдам сўраётган одамларнинг аризаси асоссиз рад этилаётганини танқид қилди

Президент Шавкат Мирзиёев ижтимоий реестрга муҳтож оилаларни асоссиз киритмаслик ҳолатларини кескин танқид қилди. Йиғилишда йил якунигача 25 турдаги ижтимоий хизматни маҳаллаларга тушириш ва реестр юритилиши устидан назоратни кучайтириш топширилди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 16 июль куни “маҳалла еттилиги” фаолиятини янгича ташкил қилиш бўйича устувор вазифалар юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилди.

Маҳаллаларда ижтимоий ёрдамлар кўламини кенгайтириш масаласи муҳокама қилинди. Жойларда ижтимоий реестрга киритишни асоссиз рад этиш ёки сунъий равишда реестрдан чиқариш ҳолатлари учраётгани танқид қилинди.

Оқибатда эҳтиёжманд оилалар ижтимоий ёрдам олиш, фарзандини боғча ва тўгаракка бериш каби кафолатланган хизматлардан фойдалана олмаяпти. 184 та маҳаллада бир ой ичида келган 2 минг аризанинг барчаси асоссиз рад қилинган.

Бундай ҳолатлар Бўстон, Олтинкўл, Ховос, Тошлоқ, Шароф Рашидов, Учқудуқ ва Деҳқонобод туманларида кўплиги қайд этилди. Шу сабабли реестрга кириш масаласида президентга мурожаатлар йил бошидан 1,5 баробар ошиб, 30 мингдан 46 мингга кўпайган.

Бош прокуратурага ижтимоий реестр тўғри юритилишини қатъий назорат қилиш, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Шаҳноза Мирзиёевага реестр ҳаққонийлиги юзасидан президентга мунтазам ахборот бериб бориш топширилди.

Мутасаддилар олдига йил якунигача ногиронликни эрта аниқлаш, хонадонларни мослаштириш, ижтимоий уйга жойлаштириш каби 25 турдаги хизматни маҳаллага тушириш вазифаси қўйилди.

Уч ойда деменция ва ақлий заифлиги бўлган шахслар учун 250 та маҳаллада кундузги ва уйда парвариш хизмати ҳамда “Мадад” уйлари, 75 та маҳаллада ўзгалар парваришига муҳтож кексалар учун “Фаол ҳаёт” дастури, шунингдек, қаровсиз қолган ва зўравонликка учраган болалар учун “Қўллаб-қувватлаш марказ”лари ташкил этилади.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид