“Болалигимда қишлоқда қизлар орасида фақат мен далага велосипедда қатнардим. Ўшанда устимдан кулишган, лекин менга бунинг аҳамияти йўқ эди. Ҳаётим имкон қадар осонроқ бўлишига ҳаракат қилганман. Бунинг учун менга фақат ва фақат ўқиш ёрдам беради деб ишонганман ва адашмаган эканман”, дейди “Микрофон қизларда” лойиҳасининг навбатдаги қаҳрамони Соҳибжамол Бозорова.
Чиқиш йўли
Айни пайтда 29 ёшдаман. Қашқадарё вилояти, Нишон тумани Талимаржон шаҳарчасида катта бўлганман. Оддий оила фарзандиман, дадам телевизор устаси, онам раҳматли муҳандис эди. Болалигим чиройли ўтган, оилада 3 нафар қиз фарзандмиз. Бироқ кейинчалик қийинчилик пайтлари юзага келган, ўгай она қўлида қолдик, нонга зор кунларимиз бўлган. Ўша пайтлари 10-12 минг сўм учун кун бўйи, совуқ-иссиқ демай далада ишлаган пайтларим бўлган.
Айни мана шу вазиятда бу қийинчиликлардан ўқиш орқали чиқиб кетаман деб ишонганман. Сабаби онам раҳматли ўқимишли, давлат ишида ишлагани учун маҳалладаги зиёли, энг яхши шароитларга эга аёл бўлган. Вафотидан кейин ҳам ҳамма онамни чиройли сўзлар билан эсларди. Шундан билганманки, таълим орқали яхши имкониятларга эга бўлиш мумкин.
Бироқ дадам бизга бошқаларни ўрнак қилиб кўрсатарди. Деҳқончилик қилган пайтимиз ёнимиздаги далада ишлайдиган аёлнинг болаларини намуна қиларди: “Мана, қаранглар, шу аёлнинг болалари помидор ҳосилини 1 млн сўмга сотди”, деб. Лекин улар 1 млн сўм учун йил бўйи ишлашларига тўғри келарди. Менга бу иш оғир туюлган, шунинг учун ўқишга йўл излаганман.

Болалигимдан ўзимни қатъиятли бўлганман деб ҳисоблайман. Маҳаллада қизлар орасида фақат мен далага велосипедда қатнардим. Ўзим тенги болалар эса “ўғил болага ўхшайсан” деб устимдан кулишган. Менга бунинг аҳамияти йўқ эди, ҳаётимни яхшилашга ҳаракат қилардим. Далада ҳам тушлик пайти иссиқда эмас, кечки пайт салқинда ишлашни маъқул кўрардим. Кенг далада бир ўзим қолиб ишласам ҳам қўрқмасдим.
“Контрактим учун пул топишим керак эди”



















