11:40 / 13.04.2023
45347

«Отам қиз фарзанд кўришни истамаган». Дунёнинг топ университети – Стэнфордга тўлиқ грант ютган ўзбек қизи ҳикояси

«Микрофон қизларда» лойиҳасининг навбатдаги қаҳрамони 20 ёшли Фарангиз Муродий. У яқинда дунёнинг топ-10 университетларидан бири Стэнфордга 370 минг доллар грант ютди ва у мазкур олийгоҳнинг бакалавриат босқичида тўлиқ грантда ўқийдиган илк ўзбекка айланди. Бу воқеа ўзбек талабалари орасида яхшигина шов-шувга сабаб бўлди.

Фарангиз Муродий Тошкентда туғилиб, 4-синфгача шу ердаги мактабда ўқиган. Кейин Туркияга кетади ва қолган ҳаёти Истанбул билан боғланади. У барча ютуқлари ортида онасининг қўллаб-қувватлаши ва ишончи турганини айтади.

Онаси ишлатган «ҳийла»

Фарангиз Туркияга бориб, 4-синфни бошлаш арафасида бўлганда онаси унга янги синфга ўтиш учун имтиҳон топшириши кераклигини айтади. Бунинг учун эса яхши тайёрланиб, турк тилида имтиҳон топширишга тўғри келади. Мактабда доим биринчи бўлишга ҳаракат қилган, аъло баҳоларда ўқиган Фарангиз Туркияда ҳам бу пешқадамликни қўлдан чиқаргиси келмайди. 3 ойлик ёзги таътил давомида 1-синфдан 3-синфгача бўлган туркча дарсликларни ўқиб, имтиҳонга тайёрланиб чиқади. Лекин янги ўқув йили бошланиши арафасида ҳеч қанақа имтиҳон қилинмай кейинги синфга қабул қилинади.

Қизалоқ бу онасининг қизининг яхши ўқиши учун қўллаган «ҳийласи» эканини кейин пайқаб қолади. «Онам ўзи кўп тилларни билгани учун бизни ҳам ҳар томонлама ақлли қилиб ўстиришга ҳаракат қилган. 4-синфни Туркияда давом эттиришимга тўғри келганда, онамнинг ўшанда ишлатган усули менга доимо асқатди», – дейди Фарангиз.

Доимо энг яхшиcи учун ҳаракат қилиш

Америкадаги олийгоҳларга киришнинг асосий шартларидан бўлган SАТ имтиҳонидан 1560 баллни қўлга киритган. Бу имтиҳондан энг юқори балл 1600. Қизиғи, у бу натижага мустақил тарзда, ўзи китоблардан ўқиб тайёрланганини айтади. Фарангиз SАТʼдан юқори балл олиш учун жами 5 марта имтиҳон топшириб, охирида ўзи истаган натижани қўлга киритган. Шунинг учун у бу билимини бошқа ёшларга ҳам ўргата бошлаган ва бунинг учун YouTube каналини ҳам ташкил қилган.

«Бундан мақсадим, потенциали бор ўқувчиларни юзага чиқариш ва уларнинг ҳам юқори балл олишида кўмаклашиш», – деб айтади у.

Фарангиз Йел, Ҳарвард, Стэнфорд ва Дартмут – дунёнинг топ 20талик рўйхатига кирувчи олийгоҳларига ҳужжат топширган. Одатда абитуриентлар 20-30талаб олийгоҳларга ҳужжат топширади. Фарангиз эса атиги 4та олийгоҳни танлаган. Бунинг сабабини эса болалигидан энг яхшисига эришишга ҳаракат қилиб келгани билан изоҳлайди.

Шунинг учун ҳам энг топ олийгоҳларни танладим ва ҳаракат қилсам, албатта, уларга киришимга ишонардим. Бошқа университетларга ҳам кира олардим, лекин бундан ўзимнинг кўнглим тўлмасди”, – дейди у.

Стэнфорд дунёни ўзгартирмоқчи бўлганларни танлайди

«Стэнфордни танлаганим сабаби у ерда тадбиркорлик, бизнес соҳасида йирик стартаплар қилиш имкони кўп. АҚШдаги олийгоҳларга қабул қилинишда SAT, IELTS имтиҳонидан ташқари, талабгорнинг қадрияти, дунёқараши муҳим ўринда.

 Имтиҳондан катта баҳо олишингиз мумкин, лекин бу сиз жамият учун фойдали инсон бўлишингизни англатмайди. Масалан, Стэнфорд қадрияти бўйича ижтимоий соҳада дунёни ўзгартирмоқчи бўлган инсонларни танлайди», – деб тушунтиради у.

Буни талабгор ёзаётган иншоларида, сўралган фаолият турларини ёзаётганда кўрсатиши лозим.

«Ариза тўлдирганда фаолият тури деган жойи бор. Бунда кўп талабалар тўлдириш керак бўлгани учунгина тўлдиришади. Турли волонтёрлик дастурларида ҳам аризанинг шу қисмини тўлдириш учун қатнашишади. Яъни мақсад аризани тўлдириш эмас, мен дунёга қандай фойдали инсон бўламан деган қараш бўлиши керак. Мен эса ўзим қизиқиб, айнан битта йўналишда турли дастурларга қатнашиб юрганман. Яъни ичимдан хоҳлаганман ва бу аризамда ҳам кўринган», – дейди у.

Стэнфорд Фарангизга жами 370 мингга яқин грант ажратган. Бу пул 4 йил бакалаврда ўқишга етади. Олийгоҳда ўқиш йилига 100 минг долларга яқин тушади. Хўш, нега битта талабага бунча кўп миқдорда грант ажратди?

Қаҳрамонимизнинг айтишича, университет талаба ўқишни тугатгандан кейин сарфланган инвестицияни оқлайди, янги Google ёки кейинги SpaceXʼни қуради деб ишонишади.

«Отам ташлаб кетгани менга фақат мотивация берган»

Фарангиз ютуқлари ортида фақат онаси турганини айтади. Отаси қиз фарзанд туғилишини хоҳламагани учун Фарангиз ҳали дунёга келмасиданоқ улардан воз кечган.

«Оилада икки қизмиз. Опамдан кейин отам ва онам яна фарзанд кутишаётган бўлган, яъни мени. Отам доимо ўғил фарзанд хоҳлагани учун менинг ҳам қиз бўлишимни эшитгач, онам билан ажрашишга қарор қилган. Шундан кейин умуман бизга на моддий, на маънавий ёрдам кўрсатган. Отамни кўрмаганман ҳам», – дейди у.

«Ўрганишни ўргатиш керак»

Фарангиз, шунингдек, ўзбек таълим тизимида учрамайдиган, лекин ўқувчи учун жуда муҳим бир жиҳатни санади. У мактабларда ўқувчига билимни қандай ўрганишни ўргатишмаслигини айтди. Яъни билимни мустақил тарзда қандай ўрганиш мумкинлиги ҳақида гапирилмайди.

«Ўқувчига самарали шаклда билимни ўрганиш тушунтирилса, у кимёми, биологиями, математиками ҳаммасини илиб олади. Ўқувчи ўзининг ўқиш даражасини таҳлил қилиб, ўзини тушуна олади», – дейди у.

Зуҳра Абдуҳалимова суҳбатлашди.
Тасвирчи ва монтаж устаси Абдусалим Абдувоҳидов.

Top