Жаҳон | 11:42 / 03.04.2023
6191
3 дақиқада ўқилади

Киев «Қрим деоккупацияси бўйича 12 қадам»ни маълум қилди

Миллий хавфсизлик ва мудофаа кенгаши томонидан тайёрланган дастур Россия томонидан қўшиб олинган яриморол Украинага қайтарилгандан кейин амалга ошириладиган ҳуқуқий ва ташкилий чора-тадбирлар режасидир.

Олексий Данилов

Украина Миллий хавфсизлик ва мудофаа кенгаши (МХМК) котиби Олексий Данилов «Қримни деоккупация қилиш бўйича 12 қадам» дастурини тақдим этди. Россия томонидан аннексия қилинган яриморол Украинага қайтарилганидан кейин амалга ошириладиган ҳуқуқий ва ташкилий чора-тадбирлар режаси бўлган ҳужжат 2 апрел, якшанба куни Даниловнинг Facebook'даги саҳифасида эълон қилинди.

Миллий хавфсизлик ва мудофаа кенгаши котибининг сўзларига кўра, «кенг доирадаги мутахассислар ва экспертлар иштирокида» ишлаб чиқилган дастур, хусусан, «2014 йилдан бери Россия томонидан сиёсий сабабларга кўра таъқиб қилинган Украинанинг барча фуқаролари, Қрим татарлари, украиналикларни зудлик билан озод қилиш, маънавий зарарни қоплаш» каби бандларни ўз ичига олади. Бундан ташқари, 2014 йил феврал ойидан кейин Украина қонунчилигига мос бўлмаган барча битимларни ноқонуний деб тан олиш, мулкни олдинги эгаларига қайтариш, «2014 йил февралидан кейин Қрим яриморолига ноқонуний равишда яшаш учун келган»Россия фуқароларини депортация қилиш, Украина собиқ фуқароларини коллаборационизм ва хиёнат учун жиноий жавобгарликка тортиш назарда тутилган.

Шунингдек, Қрим кўпригининг «тўлиқ кемалар ҳаракати эркинлигини таъминлаш учун» бузиб ташланиши, Қримда ёдгорлик лойиҳаси ва жойлашуви бўйича референдум, «Россия мафкурасини яратиш ва тарихни қайта ёзишда маълум рол ўйнайдиган Севастопол» номини ўзгартириш кўзда тутилмоқда.

«Қрим - бу Украина! Қримда бизнинг фуқароларимиз яшаяпти, Украина фуқаролари уйга қайтишни кутмоқда! Биз улар ҳақида ҳеч қачон унутмаганмиз, умид ва ишонч билан қараётган миллионлаб кўзларни ҳеч қачон унутмаймиз», - дейилади ҳужжатда.

Аввалроқ Украина Мудофаа вазирлиги разведка бошқармаси бошлиғи Кирилл Буданов Украина Қуролли кучлари Россия томонидан босиб олинган барча ҳудудларни озод қилиши, босиб олинган Қрим эса – ҳарбий куч ва дипломатия орқали қайтарилишини маълум қилганди. Унинг таъкидлашича, асосий вазифа Украинани 1991 йилги дунёда тан олинган чегараларга қайтаришдир.

Ўз навбатида, АҚШ штаб бошлиқлари бирлашган қўмитаси раиси Марк Милли Украина Қуролли кучлари 2023 йил давомида Россия армиясини ортга қайтариб, Донбасс ва Қрим устидан назоратни тиклашига шубҳа билдирди. Бу «жуда ва жуда қийин, аммо имконсиз бўлмаган ҳарбий вазифа», деди генерал Defense One нашрига берган интервьюсида.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид