17:31 / 05.04.2023
5154

Инсофсиз ижрочиларни давлат харидларидан 2 йилга четлаштириш режалаштириляпти

Иқтисодиёт ва молия вазирининг “Инсофсиз ижрочилар ягона реестрини шакллантириш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги буйруғи лойиҳаси муҳокамага қўйилди.

Лойиҳа инсофсиз ижрочиларнинг реестрини шакллантириш, инсофсиз ижрочиларни реестрга киритиш ва ундан чиқаришни тартибга солишга қаратилган.

Президент қарорига кўра, инсофсиз ижрочилар Ягона реестрини шакллантириш тартибини тасдиқлаш ҳамда ушбу реестр «Шаффоф қурилиш» миллий ахборот тизими билан интеграция қилинишини таъминлаш вазифаси юклатилган.

Лойиҳага кўра, давлат харидлари иштирокчиси, ғолиби ёки ижрочиси инсофсиз ижрочилар реестрига: суд; давлат харидлари соҳасидаги шикоятларни кўриб чиқиш бўйича комиссия; Иқтисодиёт ва молия вазирлиги қарорлари асосида киритилади.

Инсофсиз ижрочи реестрга 2 йил муддатга киритилади, ушбу муддат тугагач у реестрдан чиқарилган ҳисобланади. Реестрга киритилган инсофсиз ижрочи билан давлат харидлари тўғрисидаги шартномани тузганлиги учун давлат буюртмачиси жавобгар ҳисобланади. Реестрдаги маълумотлар барча учун очиқ бўлиб, фойдаланувчилар улардан эркин ва бепул танишиб чиқиши ва фойдаланиши мумкин.

Лойиҳада инсофсиз ижрочиларни реестрга киритиш ҳақида ариза бериш асослари ва тартиби белгиланган.

Top