Жаҳон | 10:43 / 06.04.2023
8666
3 дақиқада ўқилади

Киев: Қрим бўйича музокаралар қарши ҳужумдан кейин ўтказилиши мумкин

Украина қўшинлари Қримнинг маъмурий чегарасига етиб боргач, Киев яриморолнинг келажаги бўйича музокараларга тайёр бўлиши мумкин, деди Украина президенти девонининг матбуот котиби Сибига.

Қрим кўприги / Фото: sapo

Украина армиянинг баҳорда бошланиши мумкин бўлган муваффақиятли қарши ҳужумидан сўнг Россия томонидан аннексия қилинган Қрим келажаги бўйича Россия билан музокаралар ўтказиш имкониятини истисно қилмаяпти. «Агар биз жанг майдонида стратегик мақсадларимизга эриша олсак ва Қрим билан маъмурий чегарага етиб борсак, бу масалани муҳокама қилиш учун дипломатик саҳифа очишга тайёрмиз», - деди Украина президенти девонининг халқаро масалалар бўйича ўринбосари Андрей Сибига Британиянинг Financial Times газетасига 6 апрель, пайшанба куни. Бироқ, унинг сўзларига кўра, «бу армиямиз томонидан Қримни озод қилиш йўлини истисно қиламиз, дегани эмас».

Украинанинг яриморолни қайтариб олиш қобилиятига шубҳа билан қарайдиган ва бунинг учун ҳар қандай уриниш Путиннинг урушни ядро қуроли билан кескинлаштиришига олиб келишидан хавотирда бўлган ғарб амалдорлари Сибиганинг бу баёнотидан кейин енгил тин олиши мумкин, деб ёзади Британия нашри.

Украина Россия билан урушни тугатиш бўйича тўғридан тўғри маслаҳатлашувларни 2022 йил апрелида тугатди. Бунгача у Москва билан Қримни ҳарбий йўл билан қайтаришга уринмасдан, унинг келажаги ҳақида музокаралар олиб боришга тайёр эди. Ўтган йилнинг сентябр ойида Россия Украинанинг тўртта вилоятини аннексия қилганидан сўнг, Зеленский Путин билан музокара ўтказиш мумкин эмаслиги ҳақида фармон имзолаган эди. Шу муносабат билан Financial Times қайд этишича, Украина президенти девони ходимининг баёноти 2022 йил апрелидан бери Киевнинг Россия билан музокараларга қизиқиши ҳақидаги энг очиқ баёнотга айланди.

5 апрель куни Россия билан Қрим бўйича музокаралар ўтказиш имконияти ҳақида Украина президенти девони раҳбари маслаҳатчиси Михаил Подоляк «Озодлик радиоси»га берган интервьюсида маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, бу Россия қўшинлари Украина ҳудудидан олиб чиқиб кетилгандан кейингина мумкин бўлади. Подоляк, бундан ташқари, Қрим кўприги охир-оқибат демонтаж қилинишини эълон қилди. Бир кун аввал Украина Миллий хавфсизлик ва мудофаа кенгаши «Қримни деоккупация қилиш бўйича 12 қадам» дастурини – яриморол Украинага қайтарилгандан кейин амалга ошириладиган ҳуқуқий ва ташкилий чора-тадбирлар режасини тақдим этди. У, бошқа нарсалар қатори, «тўлиқ кемалар ҳаракати эркинлигини таъминлаш мақсадида» Қрим кўпригини йўқ қилиш режаларига ҳам ишора қилади.

Мавзуга оид