Жаҳон | 11:43 / 06.04.2023
11849
2 дақиқада ўқилади

Хитой Цай Инвэннинг АҚШга ташрифига «қатъий жавоб» билан таҳдид қилди

Хитой Ташқи ишлар вазирлиги маълумотларига кўра, Вашингтон Хитойнинг суверенитети ва ҳудудий яхлитлигига путур етказган ва ўз мажбуриятларини бузган.

Фото: Frederic J. Brown | Afp | Getty Images

Хитой АҚШда Конгресс Вакиллар палатаси спикери Кевин Маккарти ва Тайван маъмурияти раҳбари Цай Инвэн ўртасидаги учрашувга норозилик билдирди. «Ушбу ҳаракат «Ягона Хитой» тамойилини жиддий бузади, мамлакат суверенитети ва ҳудудий яхлитлигига жиддий зарар етказади ҳамда Тайван мустақиллиги тарафдорларига нотўғри хабар юборади», — дейилади Хитой ТИВ 6 апрель, пайшанба куни эълон қилган баёнотда. Шунингдек, Хитой АҚШни «ўз мажбуриятларини бузишда ва Тайван билан расмий алмашиш, қурол сотиш ва ҳарбий иттифоқлар кўринишидаги трансчегаравий провокацияларни давом эттиришда» айблади.

Республикачи Маккарти Цай Инвэнни Калифорнияда, Лос-Анжелес яқинидаги Сими-Вэлли шаҳрида, Роналд Рейган президентлик кутубхонасида қабул қилди. Reuters хабарига кўра, бу 1979 йилдан бери Америка заминида бундай даражадаги илк учрашувдир. «Биз бирга эканлигимизда янада кучлироқ бўламиз. Тайван биз томонда бўлгани ва ҳаёт тарзимизни ҳимоя қилиш бўйича саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватлагани учун Қўшма Штатлардан миннатдор», - деди Тайван маъмурияти раҳбари учрашувда. Конгресс қуйи палатаси спикери, ўз навбатида, Тайванга қурол-яроғ етказиб беришни давом эттириш, шунингдек, иқтисодий ҳамкорликни, айниқса, савдо ва технология соҳасидаги алоқаларни ривожлантириш зарурлигини таъкидлади.

Учрашувдан сўнг ўтказилган матбуот анжуманида Маккарти Хитойнинг ким билан учрашиш ва гаплашиш ҳақида буйруқ беришга ҳаққи йўқлигини таъкидлади. «Хитой менга қаерга боришим мумкинлигини ёки ким билан гаплашишимни айтиши мумкин эмас», деди сиёсатчи ва Пекин «жавоб чораларини кўришига ҳожат йўқлиги» ҳамда «кескинлашув бизнинг мақсадимиз эмас»лигини таъкидлади.

Мавзуга оид