Кунлар бироз исиши, ёғингарчилик камайиши билан тезда сезасизки, пойтахтда ҳаво, унинг таркиби, ундаги қандайдир ёқимсиз ҳидлар сизни беҳузур қилишни бошлайди. Чанг кўрсаткичи ҳам жуда юқори.

Бу ўз ўрнида ҳаво сифатини таҳлил қилиб борувчи турли рейтингларда ҳам акс этмоқда. Жумладан, Тошкент мунтазам равишда ҳавоси энг ифлос шаҳарлар қаторида қайд этиб келинмоқда.

Kun.uz мухбири яна Тошкент ҳавоси масаласига қайтиб, пойтахт ҳавосини нима бунчалик ифлослантираётгани ва уни ўнглаш мумкинми ўзи деган саволга экспертлар иштирокида жавоб излади.

Интервю меҳмонлари иқлимшунос Эркин Абдулаҳатов ва экология соҳаси эксперти Фаррух Саттаров бўлди.

Эркин ака, Фаррух ака, мавзумиз пойтахтда ҳаво сифати масаласи. Очиғини айтганда, бу масала ҳақида қанча гапирилмасин, шу пайтга қадар на бир вазирлик, на бир партия ва на бир қўмита масъулиятни зиммасига олиб, тушунтириш, маълумот бергани йўқ.

Жамият Тошкент ҳавоси бўйича дунёдаги энг ифлос шаҳарлардан бири экани-ю, бунга кўпда қурилишлар сабаб бўлаётгани ҳақидаги маълумотдан бошқасига эга эмас.

Айтинг-чи, Тошкент ҳавоси нега бунчалик ифлос ўзи? Бу ифлосликнинг манбаси, таркиби, кимёвий таркиби нималардан иборат ўзи? Заводларми, автомобилларми, қурилишми, нима?

 Фаррух Сатторов:

— Бу саволга аниқ жавоб бериш учун илмий изланиш олиб бориш керак. Лекин шахсий тажрибамдан келиб чиқиб жавоб бераман. Энг кўп айтилган муаммолардан бири — Тошкент шаҳридаги қурилишлар. Қурилиш деганда, фақат ўша бўлаётган майдондаги чанг-тўзонмас, бутун қурилиш инфратузилмасидаги, яъни қурилиш материаллари ишлаб чиқаришдан транспортгача.

Масалан, қурилиш майдони олингач, у ерда тупроқ ишлари олиб борилади. Экология ташкилотларининг меъёрий ҳужжатларида қурилишда тупроқ ишлари олиб борилаётганда чангланишнинг олдини олиш керак, деб ёзиб қўйилган. Афсуски, бу талаб тадбиркорлар томонидан бажарилмайди. Мен ҳалигача кўрмадим амал қилинган вазиятни. Бундан ташқари, қурилиш материалларини ташишда, қурилиш майдонидаги лой-тупроқни ўзига олган юк машиналари умум фойдаланилувчи йўлларга чиқиши каби омиллар ҳам бор. Шу орқали ҳам неча тонналаб чанг-тупроқ шаҳарга кириб келади. Яна бир омил қурилиш материалларини ишлаб чиқишга қўйиладиган талаблар бузилиши. Масалан, ғишт ишлаб чиқарилишида. Тошкент вилоятида 200 тача ғишт заводи бўлса керак. Заводларга тупроқ қазиб олиш учун ер ажратилади. Ўша ерларда тупроқ ковлаб олиш ишлари олиб борилади. Экология ташкилотларининг меъёрий ҳужжатларида бундай жойларни рекультивация қилиш белгилаб қўйилган. Бизнинг тадбиркорлар фирмани ёпяпти ва янгидан очяпти, ўз-ўзидан рекультивация масаласи эски фирма зиммасида қолиб кетяпти. Бу дегани ўша жойлар очиқлигича чанг кўтариладиган бўлиб қолиб кетяпти. Бу нарсаларнинг олдини олиш учун тадбиркорларнинг масъулиятини ошириш керак.