Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
ТИВ уруш бошланганидан бери Украинадан эвакуация қилинган ўзбекистонликлар сонини ошкор қилди
Сенат ялпи мажлисида Ташқи ишлар вазирлигининг 2022 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ахбороти эшитилди.
Қайд этилишича, олий даражадаги тадбирлар ва дипломатик муносабатлар доирасида савдо-иқтисодий, транспорт, маданий-гуманитар ва бошқа соҳаларга оид 365 та икки томонлама ва кўп томонлама ҳужжат имзоланган.
2022 йил давомида хориждаги фуқаролар ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган 276 846 та консуллик операцияси амалга оширилган. Украинада ҳарбий ҳаракатлар бошланганидан буён республиканинг 6 030 нафар фуқароси махсус рейслар орқали Ўзбекистонга эвакуация қилинган.
Сенаторлар инвестицияларни жалб қилиш, экспортни ривожлантириш ва ҳудудлараро ҳамкорлик ҳамда туризмни кенгайтиришга қаратилган устувор вазифаларга қарамай, бу соҳада ҳал этилмаган айрим муаммолар сақланиб қолаётганини таъкидлади.
Мамлакат ҳудудларида илғор, ресурсларни тежовчи технологияларни жалб қилиш ва юқори қўшимча қийматга эга бўлган инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш бўйича қатор дипломатик ваколатхоналар етарли даражада фаолият кўрсатмаётгани таъкидланди.
Сенаторлар ҳудудлараро ҳамкорлик ва хорижий давлатларнинг Ўзбекистон шаҳарлари билан қардошлик алоқаларини ривожлантириш борасидаги ишлар самарадорлигини тубдан ошириш ва ишлар натижадорлигига эришиш зарурлигига эътибор қаратди.
Мамлакат ташқи сиёсий ишлар бўйича идораси миллий туристик маҳсулотини оммалаштириш ва миллий ҳунармандчилик маҳсулотларини ташқи бозорларга экспорт қилиш борасидаги ишлар самарадорлигини таъминлаш мақсадида сезиларли чоралар кўриши зарурлиги қайд этилди.
Муҳокама якунлари бўйича Сенатнинг тегишли қарори қабул қилинди.