Жаҳон | 08:58
824
2 дақиқада ўқилади

Украинада янги бош вазир тайинланиши кутилмоқда

Украина президенти Володимир Зеленский Олий радага «Нафтогаз» бошқаруви раиси Сергей Корецкийни мамлакат бош вазири этиб тайинлаш тўғрисидаги тақдимномани киритди. Парламент 16 июл куни нафақат янги ҳукумат раҳбарини, балки вазирлар маҳкамасининг янги таркибини ҳам тасдиқлаши кутилмоқда.

Фото: gazeta.press/dw.com

Бу ҳақда Украина Олий радаси раиси Руслан Стефанчук маълум қилди. Унинг айтишича, президент томонидан юборилган тақдимнома парламентга расман келиб тушган ва депутатлар уни яқин мажлисда кўриб чиқади.

Бош вазир лавозими 14 июл куни Юлия Свириденконинг истеъфоси қабул қилинганидан кейин бўшаган эди. Украина қонунчилигига мувофиқ, бош вазирнинг истеъфоси бутун ҳукуматнинг ваколатлари тугашини англатади. Свириденко ҳукуматга 2025 йил 17 июлдан раҳбарлик қилиб келаётган эди.

Олий рада депутати Ярослав Железнякнинг маълум қилишича, бош вазирлик учун дастлаб тўрт нафар эҳтимолий номзод муҳокама қилинган. Улар орасида «Нафтогаз» раҳбари Сергей Корецкий, энергетика вазири Денис Шмихал, мудофаа вазири Михаил Федоров ҳамда Харкив шаҳри мэри Игор Терехов бор эди.

Кейинроқ президент Володимир Зеленский ўтказилган маслаҳатлашувлар якунлари бўйича Сергей Корецкийни мазкур лавозим учун энг муносиб номзод деб ҳисоблашини маълум қилди.

Ҳукумат таркиби ҳам ўзгаради

16 июл куни бўлиб ўтадиган парламент мажлисида нафақат бош вазир, балки янги вазирлар маҳкамаси таркиби ҳам овозга қўйилиши режалаштирилган.

Дастлабки маълумотларга кўра, ҳукуматдаги энг муҳим ўзгаришлардан бири Мудофаа вазирлигида бўлади. Амалдаги мудофаа вазири Михаил Федоров лавозимини тарк этиши кутилмоқда. Унинг ўрнига ҳозирги ички ишлар вазири Игор Клименко номзоди илгари сурилган.

Ички ишлар вазири лавозимига эса ҳозирги Миллий полиция раҳбари Иван Виговский тайинланиши режалаштирилмоқда.

Шу билан бирга, ташқи ишлар вазири Андрей Сибиха ўз лавозимини сақлаб қолиши кутилмоқда.

Агар парламент депутатлари президент тақдим этган номзодни қўллаб-қувватласа, Сергей Корецкий Украина ҳукуматига расман раҳбарлик қилишни бошлайди ва мамлакатнинг янгиланган вазирлар маҳкамаси ишга киришади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид