Украинанинг НАТОга аъзолиги: АҚШ бу масалани кейинга қолдиришни талаб қилмоқда — ОАВ
Вашингтон биринчи навбатда урушни тугатиш кераклигини таъкидламоқда.
АҚШ, Германия ва Венгрия альянснинг июль ойида бўлиб ўтган саммитида Украинага НАТО аъзолиги бўйича «йўл харитаси» берилишига қарши. Блок ичидаги келишмовчиликлар ҳақида Financial Times ёзди.
Полша ва Болтиқбўйи давлатлари Украинага НАТО билан яқинроқ алоқалар ўрнатиш ва келажакдаги аъзолик ҳақида аниқ баёнотлар беришни таклиф қилмоқчи, деди музокараларда иштирок этган ва исмини ошкор этмаган расмийлардан бири. Бироқ, АҚШ, Германия ва Венгрия бу фикрга қарши.
Нашрнинг қайд этишича, аввалроқ Украина президенти Володимир Зеленский ультиматум қўйган эди: у июль ойидаги НАТО саммитида Украинага урушдан кейин аъзоликнинг ҳақиқий схемаси тақдим этилсагина иштирок этишини айтди.
Ҳозир НАТОнинг шарқий ва ғарбий аъзолари ўртасида бу вазиятни қандай ҳал қилиш борасида тортишувлар бор.
Март ойида НАТО бош котиби Йенс Столтенберг аъзо давлатларга Киев бўйича «амалий ва сиёсий» таклифлар киритилган ҳужжат тақдим этгани айтилди. Ҳозир альянс ичида Украинага нима ваъда бериш мумкинлиги ҳақида кескин муҳокамалар давом этмоқда.
«Бизни бу бўшлиқларни бартараф этиш ва сиёсий натижага эришиш учун бир неча ҳафталик шиддатли музокаралар кутмоқда», деди Ғарб расмийларидан бири.
Шу билан бирга, альянснинг барча 31 аъзоси Украинанинг НАТОга қўшилиши масаласи қисқа муддатли истиқбол масаласи эмаслиги ва уруш давом этаётган бир пайтда жиддий муҳокама қилиниши мумкин эмаслигига рози.
FT маълумотларига кўра, Қўшма Штатлар ҳозир уруш ҳолатида бўлган Украинага қисқа муддатли ҳарбий, молиявий ва гуманитар ёрдамга эътибор қаратиш зарурлигини ўжарлик билан таъкидламоқда. Вашингтоннинг фикрича, урушдан кейинги эҳтимолий сиёсий муносабатлар ҳақидаги мунозаралар ҳозирги ҳарбий таъминотдан чалғитади.
2022 йил кузида Украина НАТОга кириш учун расмий ариза топширган эди. Президент Зеленский ушбу қарорни шарҳлар экан, Украина аллақачон НАТОнинг амалдаги қисмига айланганини ва уни де-юре расмийлаштириш зарурлигини айтди.
Бироқ альянсда фикри ҳар доим инобатга олинадиган Қўшма Штатлар Украина иттифоққа қўшилиши учун маълум стандартларга жавоб бериши кераклигидан огоҳлантирмоқда. Бундан ташқари, Вашингтон биринчи навбатда урушни тугатиш кераклигини таъкидламоқда.
Мавзуга оид
20:57 / 11.11.2024
Германия ТИВ раҳбари мудофаа харажатларини оширишга чақирди
17:58 / 11.11.2024
Британия ва Франция Байденни Украина Storm Shadow ракеталаридан фойдаланишига рухсат беришга кўндирмоқчи
16:42 / 11.11.2024
Кремл Путин ва Трамп телефонда суҳбатлашганини рад қилди
14:42 / 11.11.2024