Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Германия Россияга нисбатан санкцияларни четлаб ўтишга қарши чораларни кучайтиришга чақирди
Германия иқтисодиёт вазири Роберт Ҳабек Россияга қарши санкцияларга риоя этилишини янада самарали назорат қилиш учун божхона назоратини кучайтиришга чақирди.
Фото: AP
Германия иқтисодиёт вазири Роберт Ҳабек Россиянинг Украинага қилган ҳужуми туфайли жорий этилган санкцияларни янада кучайтириш учун божхона назоратини оширишга чақирди. Вазир Funke медиа-гуруҳига 8 апрель, шанба куни интервью берди.
Ҳабекнинг сўзларига кўра, учинчи давлатлар орқали Россия билан бизнес юритувчи ва шу тариқа Европа Иттифоқи санкцияларини четлаб ўтувчи компанияларга нисбатан қаттиқроқ чоралар кўриш керак. «Санкциялар таъсири фирибгарлик йўли билан йўқотилишига чидаб бўлмайди», - дея таъкидлади сиёсатчи. «Биз буни Украина халқи учун ҳам қилишимиз керак», — дея қўшимча қилди у.
Вазир санкцияларни четлаб ўтишга қарши муваффақиятли курашга мисол сифатида Дания тажрибасини келтирди. Унинг божхона хизмати ўта ҳушёр, савдо оқимлари ва ҳужжатларни текширади, керак бўлганда компаниялардан қўшимча маълумот талаб қилади.
Агар бундай аномалиялар пайдо бўлса, масалан, «илгари Россияга кетаётган айрим товарлар тўсатдан учинчи давлатга деярли бир хил миқдорда жўнатилса, бу текшириш учун сабабдир», деди у.
«Германия ташқи савдо қонунчилиги ҳам маълумот ва текшириш эҳтиёжлари бўйича бундай сўровларнинг қонунийлигини тан олади. Агар бу ёндашув мақсадли амалга оширилса, биз институтларимиз самарадорлигини кучайтиришимиз мумкин», деди Ҳабек.
Февраль ойи охирида, деди вазир, санкциялардан қочишга қарши самаралироқ курашиш учун бир қатор аниқ қадамлар таклиф қилинди ва улар ҳозирда федерал ҳукумат ҳамда Германиянинг Европа Иттифоқидаги ҳамкорлари билан муҳокама қилинмоқда.
Мавзуга оид
19:29 / 22.09.2025
Россия ҳар қандай таҳдидларга жавоб беришга қодир – Путин
15:20 / 22.09.2025
Қрим «ҳокимияти» Украина Форосга зарба берганини маълум қилди
14:35 / 22.09.2025
Германия Болтиқ денгизидаги Россия самолёти туфайли қирувчиларини ҳавога кўтарди
12:25 / 22.09.2025