Украина мудофаа вазири Олексий Резников 24 феврал куни соат тўрт атрофида Украина қуролли кучлари бош қўмондони Валерий Залужнийнинг қўнғироғидан уйғониб кетади. «Алексей Юрьевич, улар ҳужум қилишди», — дея эслайди Резников бош қўмондондан эшитган илк сўзларини. «Тушундим, 20 дақиқада бораман», — дея жавоб қайтаради вазир. 

Эрталаб соат бешда Резников мудофаа вазирлигида эди. Бу ерда барча навбатчи ходимлар аллақачон зирҳли нимчалар ва каскаларни кийиб олишган, автоматларни қўлга олишганди. «Украинская правда» нашри ёзишича, босқин ҳақидаги хабардан кейинги илк дақиқаларданоқ мудофаа вазирлиги биноси «улкан термитлар уяси»ни эслатарди, бу ерда аскарлар қум тўлдирилган қопларни ташиб «катта мудофаа контури» қуришга киришганди. «Россия пропагандаси „қарор қабул қилиш марказлари“ деб таърифлаган бошқа идораларда ҳам худди шундай вазият кузатилаётганди», дея ёзади «Украинская правда». 

Резниковнинг сўзларига кўра, Залужнийнинг қабулхонасидаги муҳит бошқача эди — бу ерда командирлардан ҳисобот қабул қилинар ва буйруқлар бериларди. «Фаоллик ортганди, аммо менинг хотирамда Залужний билан бўлган қандайдир ўзгариш муҳрланмайди. Биз танишганимдан буён у доим сергак ва диққатни бир жойга жамлаган ҳолда юради. <…> Унинг учун ҳеч нарса ўзгармаган. У бутун умри мобайнида бу ҳужумга тайёрланганди ва бу палла келганди», — дея хотирлайди Резников. 

Тахминан худди шу вақтда Киевнинг бошқа чеккасида Олий рада раиси Руслан Стефанчук портлашлар овозидан уйғонади. Кўп ўтмай унга ИИВ раҳбари Денис Монастирский (у 2023 йил 18 январида Бровари шаҳрида вертолёт қулаши оқибатида ҳалок бўлди) қўнғироқ қилиб, босқин бошлангани ҳақида хабар беради, кейин Хавфсизлик кенгаши раиси Олексий Даниловдан ҳам телефон келади, у Володимир Зеленский Украина Миллий хавфсизлик ва мудофаа кенгаши йиғилишини чақирганини айтади 

Стефанчук ҳам Олий рада депутатларини йиғиши керак эди, Зеленскийнинг ҳарбий ҳолат жорий этиш тўғрисидаги фармони кучга кириши учун уни парламент маъқуллаши талаб этилган. Депутатлар партия чатларида хавфсизлик нуқтайи назаридан сессиялар залида эмас, Киевдаги «Она ватан» ҳайкали остида учрашишга келишиб олишади. Стефанчукнинг сўзларига кўра, «ҳайпчи» депутатлардан бири жонли эфирга чиқиб, Рада йиғилиши қаерда ўтишини айтиб юборади. Якунда депутатлар Грушевский кўчасидаги Рада биносида йиғилишга қарор қилади. 

Эрталабки соат 6:30 да депутатлар парламентга кела бошлайди. Украинанинг собиқ президенти ва «Европа бирдамлиги» партияси етакчиси Петро Порошенко уни рафиқаси Марина уйғотганини айтган. У хотинига кетиши кераклигини айтади, аммо аёл рад этади. Порошенко Киев областидаги Козин шаҳридан партия офисига йўл олади, соат еттида эса Радага етиб келади. Бу ерда у «қўрқиб кетиб» эвакуация эҳтимолини муҳокама қилаётган жуда кўп одамларни учратади.