Европа Иттифоқи урушдан кейин Россия Марказий банки пулларини қайтариб бермоқчи — ОАВ
Мутахассисларнинг хулосасига кўра, қонунчилик нуқтаи назаридан улардан фойдаланиш мумкин эмас.
Еврокомиссия Россиянинг музлатилган активларини уруш тугаганидан кейин Россия Марказий банкига қайтаришга қарор қилди. Бу ҳақда Еврокомиссиянинг эълон қилинмаган ички ҳужжатига таяниб Die Welt хабар берди.
Мутахассисларнинг хулосасига кўра, Украинани тиклаш учун ушбу маблағлардан фойдаланишга «сиёсий ирода» бор бўлса-да, қонунчилик нуқтаи назаридан улардан фойдаланиш мумкин эмас.
Шу билан бирга, ҳужжат Россия активларини Европа давлат облигацияларига инвестиция қилишни таклиф этади. Уларнинг даромади йилига 2,6 фоизни ташкил қилади ва бу пулни Украинага бериш мумкин. Ҳуқуқий нуқтаи назардан, «айниқса, Россия халқаро ҳуқуқни қўпол равишда бузаётганини ҳисобга олган ҳолда» бундай қадамга йўл қўйиш имконияти бор.
Европа Комиссияси, шунингдек, инвестиция қилинган маблағларни йўқотиш эҳтимолини ҳисобга олади, аммо бу сценарийни эҳтимолдан йироқ деб ҳисоблайди. Бундай ҳолда, ЕИ тахминан 4 миллиард евро йўқотади.
Россия активларини излаб топиш осон эмас. Россия Марказий банкининг пуллари кўплаб турли ҳисобларда жойлашган. Шу туфайли уларнинг Марказий Банк билан алоқадорлигини исботлаш қийин.
Россиялик олигархларнинг маблағлари билан боғлиқ вазият ҳам ноаниқ - уларни ўзлаштириш учун тадбиркорларнинг жиноятларини исботлаш керак бўлади. Қолаверса, шу пайтгача ЕИ уларнинг озгина қисмини топиб, музлатиб қўйишга муваффақ бўлган. Худди Россия Марказий банкининг активлари билан боғлиқ вазиятда бўлгани каби, уларнинг маълум бир шахсга бўлган муносабатини исботлаш қийин, чунки мулк кўпинча санкциялар рўйхатида бўлмаган номзодлар номига ёзилади.
Санкциялар доирасида Ғарб давлатлари Россия Марказий банкининг жами 300 миллиард евролик активларини блоклаб қўйган. АҚШ ва Европа Иттифоқининг уларни музлатиш ҳақидаги қўшма қарори Россиянинг Украинага қарши уруши бошланганидан сўнг, 2022 йил 27 февралда маълум бўлди. 2023 йил февралида Европа комиссияси россиялик олигархларга тегишли 21,5 миллиард евро музлатилганини маълум қилди.
Мавзуга оид
20:43
«Мосфильм» киностудияси ўз омборидаги танкларни Россия армиясига топширди
19:33
Россияда мигрант болаларнинг рус тилини билиш даражаси текширилиши мумкин
17:53
Ўзбекистон олтин ишлаб чиқарувчи давлатларнинг етакчи ўнталигига кирди
21:00 / 12.11.2024