Жаҳон | 23:14 / 14.04.2023
9028
2 дақиқада ўқилади

Франция Конституциявий Кенгаши пенсия ислоҳотининг аксарият қоидаларини маъқуллади 

Ушбу қонун туфайли мамлакатда миллионлаб одамлар норозилик намойишларига чиққан эди. 

Фото: Bertrand Guay/AFP/Getty Images

Францияда пенсия ислоҳоти тўғрисидаги қонун асосан Конституцияга мос келади, шунингдек, қонун лойиҳасини парламентда овоз беришсиз маъқуллаш ҳам Конституцияга мос. Бу ҳақда Конституциявий Кенгаш қарор чиқарди. 

Аммо Кенгаш қонун лойиҳасидан ишлайдиган пенсионерларга, давлат хизматчиларининг айрим тоифалари учун муддатидан олдин пенсияга чиқишга оид, шунингдек, пенсия тизимининг қўшимча маълумотлар базасини яратиш билан боғлиқ 6 та моддани чиқариб ташлади. 

Шу билан бирга, Конституциявий Кенгаш ушбу қонунни қабул қилиш бўйича референдум ўтказиш тўғрисидаги таклифни рад қилди. 

Франция президенти Эммануэл Макрон ҳужжатни имзоламагани учун ислоҳот ҳали кучга кирмаган. Касаба уюшмалари вакиллари давлат раҳбарини қонунга вето қўйишга чақирмоқда. 

Францияда пенсия ёшини 2030 йилгача 62 дан 64 га ошириш Эммануэл Макроннинг сайловолди ваъдаларидан бири ҳисобланади. Расмийлар биринчи марта 2019 йилда пенсия ёшини оширишга ҳаракат қилди, бу оммавий норозиликларга олиб келди ва ислоҳот ковид пандемияси фонида қолдирилди. 

2023 йил январ ойидан бери Францияда пенсия ислоҳотининг янги муҳокамаси фонида минглаб норозилик намойишлари бўлиб ўтмоқда.

Франция пенсия ёшини 64 га оширса ҳам, Европадаги энг паст кўрсаткичлардан бири бўлиб қолади. Таққослаш учун, Италия ва Германияда пенсия ёши 67, Буюк Британияда 66, Испанияда 65 ёшни ташкил қилади. АҚШда ҳам 1960 йилдан кейин туғилганлар фақат 67 ёшда пенсияга чиқиши мумкин. 

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид