Жаҳон | 10:49 / 15.04.2023
6962
2 дақиқада ўқилади

Пенсия ислоҳоти: Парижда 100 дан ортиқ намойишчи қўлга олинди

Парижда Конституциявий кенгаш Макроннинг пенсия ислоҳотига рухсат берганидан кейинги намойишлар чоғида 112 киши қўлга олинди, деб ёзади AFP.

Фото: AP

Парижда 14 апрель, жума куни маҳаллий вақт билан соат 22:30 да Конституциявий кенгаш Франция президенти Эммануэл Макроннинг пенсия ислоҳотига рухсат берганидан кейинги намойишлар чоғида 112 киши қўлга олинди. Бу ҳақда полицияга таяниб, AFP агентлиги хабар берди.

Пойтахтда намойишчилар велосипедлар, электроскутерлар ва чиқинди қутиларига ўт қўйди. Юзлаб иштирокчилар билан норозилик намойишлари мамлакатнинг бошқа шаҳарлари – Марсел, Тулуза ва Лионда ҳам бўлиб ўтди. Иккинчисида полиция намойишчиларни тарқатиш учун кўздан ёш оқизувчи газ ишлатган. Марселда норозилик намойишлари қатнашчилари рельсларга чиққани сабабли поездлар ҳаракати тўхтатилди. Франция ғарбидаги Ренн шаҳрида намойишчилар полиция бўлими ва конгресс марказларидан бирининг эшикларига ўт қўйди.

14 апрель куни Франция Конституциявий кенгаши ислоҳотни қонуний деб тан олди ва пенсия ёшини 62 ёшдан 64 ёшгача оширишни маъқуллади. Шу билан бирга, у мухолифат партияларининг пенсия ёшини оширишни тақиқлаш бўйича референдум ўтказиш ҳақидаги илтимосини рад этди. Шу тариқа, Элизабет Борн ҳукумати Франция қонунчилиги тақдим этган имкониятдан фойдаланиб, қонунни президент Макроннинг ташаббуси кўплаб мухолифларга эга бўлган парламентда муҳокама қилмасдан қабул қилди.

Шу билан бирга, Конституциявий кенгаш ислоҳотнинг асосий қоидаларини ҳуқуқий деб атаган ҳолда, юридик хатоларни аниқлади ва қонун лойиҳасининг бир қатор моддаларини, хусусан, 55 ёшдан ошганларни ишга жойлаштиришдан бош тортган корхоналарга жарима солиш тўғрисидаги бандни ноқонуний деб топди. Шунга қарамай, Франция ОАВ Макроннинг йирик ғалабаси ҳақида ёзяпти.

Мавзуга оид