Ўзбекистон | 15:00 / 15.04.2023
40155
5 дақиқада ўқилади

Пойтахтнинг Маданият бошқармаси бошлиғи лавозимини ғайриқонуний эгаллаб турган бўлиши мумкин

Абдуваҳоб Сахиев суд ҳукми билан жазога тортилиб, мансабдор бўлиш ҳуқуқидан маҳрум қилинган. Аммо у ҳозиргача лавозимида қолмоқда. Қолаверса, бошқарма бошлиғи давлат мукофотига номзод сифатида кўрсатилган.     

Абдуваҳоб Сахиев 2021 йилнинг январь ойи охирида Тошкент шаҳар Маданият бош бошқармаси бошлиғи лавозимига тайинланган. Ушбу тайинловгача у Ўзбекистон давлат филармонияси бош директорининг биринчи ўринбосари лавозимида фаолият кўрсатиб келаётганди.

Ўшанда вазир Озодбек Назарбеков Абдуваҳоб Сахиев янгича инновацион ғоялар, кенг дунёқараш ва катта шижоат билан санъат ва маданият ривожига салмоқли ҳисса қўша олишига умид билдирганди. Аммо бундай бўлиб чиқмади.

Фото: Маданият ва туризм вазирлиги

Kun.uz’га маълум бўлишича, жиноят ишлари бўйича Миробод туман судида Абдуваҳоб Сахиев ҳамда бошқарма бош ҳисобчиси Феруза Умаровага нисбатан жиноий иш кўриб чиқилган. Суднинг 2022 йил ноябрь ойидаги ҳукмига кўра, ҳар икки мансабдор Жиноят кодексининг 1841-моддаси 2-қисми(жуда кўп миқдорда бюджет ва смета-штат интизомини бузиш)да назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топилган.

Абдуваҳоб Сахиевга базавий ҳисоблаш миқдорининг 60 баравари миқдорида жарима ҳамда Жиноят кодексининг 45-моддасига асосан 1 йил муддатга давлат органларида раҳбарлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

Жорий йил 14 март куни ишни қайта кўриб чиққан Тошкент шаҳар судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция шикоятини қаноатлантирмаган, биринчи инстанция суди ҳукмини ўзгаришсиз қолдирган. Тошкент шаҳар суди матбуот хизматига мурожаат қилганимизда, у ҳам шу маълумотларни тақдим қилди.

Абдуваҳоб Сахиев гарчи суд ҳукми билан раҳбарлик лавозимида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинган бўлса-да, негадир у ҳамон лавозимида қолмоқда. 

Фото: stat.uz’дан кўчирма

Бундан ташқари у Тошкент шаҳридан “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими” фахрий унвонига номзод сифатида ҳам кўрсатилган.

Фото: Kun.uz манбаси тақдим этган сурат

Суд ҳукми ижро этилмас экан, Абдуваҳоб Сахиев лавозимини ғайриқонуний тарзда эгаллаб келаётган ҳисобланади. Бундай ҳолатда эса унга бюджетдан иш ҳақи тўланишига йўл қўйиб берган масъулларнинг тегишли жавобгарлиги масаласи ҳам кўриб чиқилиши лозим бўлади.

Тошкент шаҳар маданият бош бошқармаси 2022 йилнинг иккинчи ярмида, Абдуваҳоб Сахиевнинг раҳбарлиги даврида танловсиз шартномалар ва пост-фактум тендерлар билан “тилга тушганди”. Ушбу масалада суриштирув олиб борган Kun.uz журналисти пойтахт ҳокимлиги 6 та фестивал учун 18,2 млрд сўм сарфлагани, қатор шартномалар тендерсиз тузилгани, қўшимча равишда ўтказилган тендерлар фестиваллар ўтиб бўлганидан бир неча ой кейин ташкил этилгани ва уларда ҳам тўғридан тўғри шартномани олган фирмалар ғолиб деб топилгани ҳақида ёзганди

Кўп ўтмай Бош прокуратура ушбу ҳолатда амалда бажарилмаган ишлар ва кўрсатилмаган хизматлар учун 8 млрд сўмлик бюджет маблағлари талон-торож қилингани ҳақида хабар берди.

Унда таъкидланишича, Тошкент шаҳар маданият бош бошқармаси томонидан қонунчилик талаблари бузилиб, тендер танловлари ўтказилмасдан, фестивал тадбирларини ўтказиш учун турли фирмалар билан 20 млрд сўмлик тўғридан тўғри шартномалар тузилган.

“Ушбу фестиваллар амалда 2022 йилнинг май-сентябрь ойларида ўтказиб бўлинган. Аммо қонунбузилишларни яшириш мақсадида “etender.uzex.uz” махсус ахборот порталига 24 октябрь ва 3 ноябрь кунлари пойтахтда 5 та фестивал тадбирларини ўтказиш ҳақида номигагина эълон ва ҳужжатлар жойлаштирилган ҳамда шартномалар тузилган.

Ўтказилган текшириш жараёнида амалда бажарилмаган ишлар ва кўрсатилмаган хизматлар учун 8 млрд сўмлик бюджет маблағлари талон-торож қилингани аниқланган.

Ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар маданият бош бошқармаси мансабдор шахслари ва бошқаларга нисбатан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда”, дейилади Бош прокуратура хабарида.

Тошкент шаҳар Маданият Бош бошқармаси ушбу ҳолат бўйича Kun.uz билан боғланиб, муносабат билдирди. Маълум қилинишича, 2022 йил давомида “Гуллар”, “Гастрономик”, “Музқаймоқ”, “Мусиқа”, “Рақс” фестивалларини ташкил этиш ва юқори савияда ўтказиш учун Тошкент шаҳар ҳокимининг қарорига асосан Тошкент шаҳар Маданият бош бошқармасига маблағлар босқичма-босқич ажратилган.

“Тошкент шаҳар Маданият бош бошқармаси мазкур тадбирларни ўтказиш юзасидан Тошкент шаҳар ҳокимлиги томонидан бошқармага ўтказилган маблағларни танловда ғолиб бўлган ташкилотларга ўтказиб берган, яъни транзит тарзда амалга оширган.

Ижтимоий тармоқларда 2023 йил 25 март куни Тошкент шаҳар Маданият бош бошқармаси масъул ходимларига нисбатан қонунчилик талаблари бузилганлиги хақидаги тарқатилган маълумот бўйича келтирилган важлар 2022 йилнинг ноябрь ойидаги эски маълумот ҳисобланади. Бу иш юзасидан ҳозирда Тошкент шаҳар прокуратурасида фестивалларни ўтказишда айрим тушунмовчиликларни бартараф этиш жараёнлари олиб борилмоқда. Етказилган зарарлар аниқланган ҳолларда хизмат кўрсатган МЧЖлар томонидан қопланмоқда”, дейилади бош бошқарма муносабатида.  

Руслан Сабуров
Муаллиф Руслан Сабуров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид