Одатда оилани асраб қолиш кўпроқ аёлларнинг вазифасидек қаралади. Сув келса симириб, тош келса кемириб яшаш кераклиги ёшлигиданоқ қизлар қулоғига қуйилади. Шу сабабдан бўлса керак, калтак еб, эри уриб ўлдиргидек бўлса ҳам ота ҳовлисига қочиб бормайдиганлар кўп, ўлса ҳам эриникида ўлишни афзал кўрадиган аёллар бор. “Ҳаётий ҳикоя”ларнинг бугунги қаҳрамони ҳам шундай аёллардан. Ажрашишни ор билиб, эрининг калтакларига, қайнонасининг ҳўрлашларига чидаган аёл – Саодат опанинг (исми ўзгартирилган) ҳикоясини унинг ўзидан эшитамиз.

“Ўзимнинг турмушдан бахтим чопмаган. Эрим урганида суякларим синиб сочилиб кетди деб ўйлардим. Бир неча бор ҳушимдан кетиб кўзимни очганимда остонада ётганимни кўрганман.

Шифохонага олиб бориш қаёқда, эрим ва қайнонам устимдан ҳатлаб ўтиб-қайтаверишарди. Қиз бола сув келса симириб, тош келса кемириб яшаши керак, деб уқтиришарди бизга. Шу сабабми ёки ортимда сингилларим борлиги учун уларнинг бахтини бойламай деган ўй биланми уйга қайтмасдим.

Калтаклар таъсирида биринчи боламдан айрилдим. Докторлар энди бирор йил ўзингизни асранг дейишди. Турмушим бузилишидан қўрқиб асрай олмадим. Яна бўйимда бўлди. Худога шукур, бунисини бағримга босдим. Аммо ундан кейин яна икки фарзандим туғилмасдан, тепкилар сабаб нобуд бўлди.

Айбим эримни севишим эди. Эр-хотин сал бир-биримизга яхши гапирганимизни ёки эрим кулиб қараганини қайнонам кўриб қолса жанжал қилиб, урдирмагунича кўнгли жойига тушмасди. Охирги мартаси ҳеч эсимдан чиқмайди.

Тўртинчи боламга ҳомиладор эдим. Бирам “печенье” егим келди. Ишдан қайтишда, ўша вақтда 15 тийинми эсимда йўқ, ичида ўн дона печенье бўларди, ўшандан олиб еб келдим. Сумкамда қоғози бор эди. Қайнонам шуни кўриб қолиб уйни бошига кўтарди, ҳали сенми яшириб нарса ейдиган, деб. Эрим доимгидек калтаклаб кетди. Тепки зарбидан ерга йиқилдим. Қорнимда кучли оғриқ сездим. Турмоқчи бўламан, бошим айланиб кўзим тинади. Яна бир неча тепки зарбидан сўнг ўзимни йўқотдим.

Бу сафар кўзимни очганимда ўзимни шифохонада кўрдим. Билишимча анча вақт қон кетиб ҳушсиз ётганман. Ўзимга келавермагач, мени уйга олиб кириб ётқизиб қўйишган. Эрталабгача ҳам ўзимга келмаганимдан сўнг мени ўлиб қолди деб ўйлашган ва шифохонага олиб келишган. Доктор фарзандим нобуд бўлганини, нобуд бўлган ҳомила бачадон деворига ёпишиб қолгани сабаб уни ҳам олиб ташлашга мажбур бўлишганини айтди.

Ҳомила нобуд бўлгач ичимда кўп қолиб кетибди, шу сабаб бачадонни ҳам олишдан бошқа йўли қолмабди. Қайнонам энди туғмас келин менга керакмас, болам битта ўғил билан ўтмайди-ку, деб шифохонага қайтиб келмади. Эрим ҳам қорасини кўрсатмади.