Жаҳон | 09:03 / 17.04.2023
5735
2 дақиқада ўқилади

Беларусда «Tut.by иши» бўйича 9 нафар айбланувчи афв этилди

Tut.by иши бўйича солиқ тўлашдан бўйин товлашда шерикликда айбланган 9 нафар айбланувчи жиноий жавобгарликдан озод этилди.

Фото: tutby

«Тут Бай Медиа» МЧЖ солиқ тўлашдан бўйин товлаганлиги бўйича «Tut.by жиноий иши» бўйича тўққиз нафар айбланувчи жиноий жавобгарликдан озод этилди, деб хабар берди Беларуснинг Zerkalo.io нашри 16 апрель куни.

«Кеча бу воқеа тугади - бизни афв этишди (декабрь охирида аппеляция аризаси топширилди). Қўллаб-қувватлаган ва биз учун ташвишланган барчага яна бир бор раҳмат», - деб ёзди hoster.by бош директори Сергей Повалишев Facebook'даги саҳифасида. У 2021 йилнинг май ойида солиқ тўлашдан бўйин товлаганликда гумонланиб ҳибсга олинган эди. Бошқа афв этилганларнинг исмлари номаълум.

Шу билан бирга, май ойида хавфсизлик кучлари Минскдаги Tut.by бош офисида ва Брест, Гомел, Витебск, Могилев ҳамда Гроднодаги минтақавий офисларда, шунингдек, айрим ходимларнинг яшаш жойида тинтув ўтказди. Жами 15 киши ҳибсга олинган. Нашр 2020 йилда Беларусдаги оммавий норозилик намойишларини фаол ёритиб, мамлакатда энг кўп ташриф буюрилган ОАВ бўлди. 2021 йил май ойида Tut.by сайти блокланди ва ҳисоблари музлатиб қўйилди. Йил давомида ҳибсга олинганларнинг бир қисмига эҳтиёт чораси ўзгартирилди, деб эслатади Zerkalo.io.

Жорий йилнинг март ойида Tut.by бош муҳаррири Марина Золотова ва «Тут Бай Медиа» нашриёти бош директори Людмила Чекина «давлат ҳокимиятини эгаллаб олишга чақирувчи материалларни омма олдида тарқатганлик ҳамда адоват ва нифоқ келтириб чиқаришга қаратилган қасддан ҳаракатлар учун» 12 йилга озодликдан маҳрум этилди. Шунингдек, Чекина катта миқдорда солиқ тўлашдан бўйин товлаганликда айбдор деб топилди.

Мавзуга оид