Ўзбекистон | 15:01 / 17.04.2023
35672
2 дақиқада ўқилади

Самарқандлик санъаткор “Хафа бўлиш йўқ” кўрсатувига чиқаман деб чув тушди

У кўрсатувга чиқиш учун фирибгарнинг пластигига 1,5 млн сўм ўтказиб берган. Алданганини билганидан сўнг эса ички ишлар органига мурожаат қилган.

Самарқанд вилояти ИИБ ахборот хизмати томонидан тайёрланган видеолавҳада номаълум шахс самарқандлик санъаткорга телефон қилиб, ўзини ЗўрТВ телеканалида эфирга узатиладиган “Хафа бўлиш йўқ” кўрсатувининг бошловчиси деб таништиргани, уни кўрсатувга чиқаришни ваъда қилиб, бунинг учун 1,5 млн сўм сўрагани ҳақида сўз боради.

Қопқондаги шахс фирибгарнинг пластик картасига сўралган пулни ўтказиб беради. Шундан сўнг “кўрсатув бошловчиси” телефонни ўчириб қўяди ва у билан қайта боғланишнинг имкони бўлмайди. Алданганини тушунган санъаткор Самарқанд шаҳар ИИО ФМБга арз қилади.

Самарқанд вилояти ИИБ Тезкор қидирув хизмати Киберхавфсизлик бўлими ходимлари томонидан мазкур жиноятни Андижон вилояти Марҳамат туманида яшовчи 36 яшар эркак содир этгани аниқланган.

Фирибгар тергов давомида қилмишига иқрор бўлган ва алдов йўли билан қўлга киритилган пулларни ўз эҳтиёжлари учун ишлатиб юборганини айтган.

Самарқандлик санъаткорни чув туширган кимсага нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Аввалроқ Олий Мажлис Сенатида ишловчи Сайёра Ғозиевна исм-шарифли таниши орқали Бош прокуратурага ишга киритиб қўйишни ваъда қилиб, 10 минг доллар олган фирибгар эркак “хизмати” учун яна 18 млн сўм олаётган вақтида ДХХ ва ИИВ Шахсий хавфсизлик бошқармаси ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда қўлга олинган, тергов давомида «Сенатда ишловчи Сайёра Ғозиевна» ҳам унинг ўзи бўлиб чиққан, у телефон орқали аёл кишининг овозида ўзини Сайёра Ғозиевна деб таништириб, фуқароларни ишонтириб келгани аниқланди.

Мавзуга оид