Жаҳон | 09:35 / 18.04.2023
7060
2 дақиқада ўқилади

Хитой Яқин Шарқдаги можарога ечим топишда воситачилик қилишни таклиф этди

Хитой ташқи ишлар вазири Цин Исроил ташқи ишлар вазири Коэн билан суҳбатда Фаластин-Исроил можаросининг авж олишига йўл қўйиб бўлмаслигини таъкидлади.

Фото: AP

Пекин Исроил ва Фаластин томони ўртасида тинчлик музокараларини қайта бошлаш учун «қулай шароитларни таъминлашга» тайёр. Бу ҳақда 17 апрель, душанба куни Хитой Халқ Республикаси Давлат кенгаши аъзоси, Хитой ташқи ишлар вазири Цин Ган маълум қилди.

Хитойнинг «Синхуа» агентлиги хабарига кўра, Исроил ташқи ишлар вазири Эли Коэн билан телефон орқали суҳбатда Цин Хитойнинг Фаластин-Исроил муносабатларидаги кескинликдан хавотирдалигини билдириб, ҳозир асосийси «можаронинг авж олишига йўл қўймаслик» эканлигини таъкидлаган.

Шу билан бирга, хитойлик дипломат «кардинал чиқиш йўли» тинчлик музокараларини қайта бошлаш ва «икки халқ учун икки давлат» тамойилини амалга ошириш, деган фикрни билдирди.

Ўз навбатида, Коэн Цинга миннатдорчилик билдириб, Исроил кескинликни совитишга интилаётганини, бироқ муаммонинг «қисқа вақт ичида ҳал бўлиши даргумон» эканини таъкидлади.

Айни пайтда Хитой халқаро можароларда воситачи сифатида ўзини намоён қилишга интилмоқда, дея таъкидлайди AFP ахборот агентлиги. Унинг эслатишича, айнан Пекин Эрон ва Саудия Арабистони ўртасида март ойида эълон қилинган дипломатик муносабатларнинг тикланишига воситачилик қилган.

Мавзуга оид