Тошкентга янги автобуслар келди, энди жамоат транспорти ўзгарадими?
Тошкентга Хитойдан олиб келинган янги автобуслар йўналишларга тақсимланди. 20 апрелдан аҳоли 12 метрли электробуслардан ташқари 18 метрли табиий газда ишлайдиган “гармошка”лардан ҳам фойдаланишни бошлайди. Хўш, кўчалар ва ундаги инфратузилма янги жамоат транспорти учун мос келадими? Пойтахтдаги тирбандликларнинг охири борми? Бунинг учун нималар режа қилинмоқда?
Транспорт вазирлиги вакили Kun.uzʼга тақдим қилган маълумотларга кўра, пойтахтда доимий рўйхатдан ўтган аҳоли сони қарийб 3 млнга етган. Шунинг 1,3 миллиони иш билан таъминланган. Қайд этилишича, шаҳарга атроф худудлар ва бошқа вилоятлардан кунига 1,4 млн одам келиб кетади, яна 300 минг талаба пойтахтда жойлашган олий таълим муассасаларида таҳсил олади. Шундан келиб чиқсак, Тошкентда кунлик ҳаракатланишга эҳтиёжи бўлган аҳоли сони 2,7 млн нафарни кўрсатмоқда.
Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, аҳолининг кунлик ҳаракатланишга бўлган эҳтиёжи 6 млн сафарни (бир нафар йўловчи манзилга бориш /қайтишда ҳам автобус, ҳам метродан ёки шахсий транспортдан фойдаланган бўлиши мумкин, “пересадка”лар ҳам ҳисобланади) ташкил этади. Шундан 1,4 млн сафар автобус, микроавтобус ва метрода, қолган 4,6 миллиони эса ҳозирда пойтахт йўлларида харакатланаётган 800 мингта енгил ва шахсий транспортга тўғри келмоқда.
Пойтахт аҳолиси йилига 100 минг нафарга, транспортлар сони 71 мингтага (2022 йил) ўсишини инобатга олсак, тирбандлик кузатилаётган асосий транспорт артерияларга юклама ортиб бориши табиий. Айниқса, бу юклама ўқув йили бошланиши – сентябрь ойида яққол кўзга ташланади. Бунинг олдини олиш учун эса жамоат транспортига устуворлик бериш, ташув қувватини ошириш, шахсий транспорт жозибадорлигини камайтириш орқали тирбанлик даражасини пасайтиришга эришиш мумкин.
Хўш, бунинг учун нималар қилинмоқда?
Пойтахтда 34 та йирик коридор бор. Автобусларга устуворлик бериш, улар учун алоҳида махсус йўлаклар жорий қилиш, инфратузилмани яхшилаш учун Транспорт вазирлиги ҳамда вазирликнинг Тошкент шаҳар транспорт тизимини комплекс ривожлантириш лойиҳа офиси билан биргаликда 13 та коридор танлаб олинган. Лойиҳа офиси директори Мурод Обидовнинг Kun.uzʼга маълум қилишича, бу жараёнда ҳар бир коридорга автобус йўлаклари ва светофорларнинг мувофиқлаштирилган бошқаруви жорий этилади.
“Белгилаб олган 13 та коридоримизда доимий равишда тирбандлик босими юзага келади. Йўлларда тирбандликлар мавжуд, ҳаракатланишга бўлган эҳтиёж инфратузилманинг ўтказувчанлик имкониятидан кўпроқ. Яъни таклифдан кўра талаб юқори. Бу талаб келгусида мингта автобус келганидан кейин ҳам ошиши мумкин.
Тирбандликни бартараф этиш учун 2 та ечимимиз бор. Биринчиси – жамоат транспортини ривожлантириш, иккинчиси – транспорт ҳаракати трафиги бошқарувини светофорнинг ақлли бошқарув тизимига ўтказишдир. Бу ақлли бошқарув мувофиқлаштирилган светофор бошқарув тизими бўлади. Шунда коридорларга транспорт воситаларининг чегараланган сони киритилади. Яъни светофорнинг битта цикл фазасида қолиб, йиғилиб-йиғилиб тирбандликка олиб келмайдиган даражадаги трафик киради ҳамда чорраҳаранинг энг самарали ўтказувчанлиги бўйича светофорлар фазалари жорий этилади. Бу билан тирбандликларнинг олдини оладиган тизим пайдо бўлади. Навоий кўчасида шундай тизим ишламоқда.
“Коридор режимидаги” ишларимиздан асосий мақсад, автобуслар ҳаракат устуворлигини таъминлаш, ташув ҳажми икки баробарга оширилган жамоат транспорти тармоғини босқичма-босқич ишга туширишдан иборат.
Шунда биринчи ишимиз коридорларни батафсил лойиҳалаштиришдан бошланади. Ҳозирда 3 та коридорда батафсил лойиҳалаштириш ишлари кетмоқда. Лойиҳа ишлари тугагач, ҳужжатларни мутахассисларга берамиз. Ундаги маълумотларга асосланиб, қурилиш-реконструкция лойиҳалари тайёрланади. Шундан кейин 3-босқичда қурилиш-реконструкция, такомиллаштириш ишлари олиб борилади. Шунда бизда транспорт коридорлари шаклланади.
Бу коридорларни суратда кўринганидек лойиҳалаш режа қилинган. Умуман олганда, биз 6 та кўринишдаги лойиҳаларни ишлаб чиққанмиз, транспорт математик модели асосида унинг самарадорлик даражаси баҳоланса, шунга қараб улардан биттаси танлаб олинади. Кейин эса автобуслар учун махсус йўлакларни ўртадан ёки йўлнинг четидан қилиш масаласи ҳам кўриб чиқилади. Бу борадаги маълумотлар тасдиқдан ўтгач очиқланади”, – дейди у.
Таъкидланишича, 6 км узунликдаги бу кўчада (номи очиқланмади) 82 мингта транспорт воситаси ёрдамида 140 минг одам ташилмоқда. Агар жамоат транспортининг интерваллари қисқартирилиб, ўта катта сиғимли автобуслар қўйиладиган бўлса, айнан шу кўчада 360 минг йўловчи ташиш имконияти пайдо бўлади, яъни ҳозирги кўрсаткичдан 2,5 баробар ошади. Чорраҳалар мувофиқлаштирилса, бу орқали кунига 19 минг литргача ёқилғи тежалиши ва катта миқдордаги зарарли газлар ҳавога чиқарилишининг олди олиниши кутилмоқда.
“Гармошка” автобуслар Тошкент учун мослашганми?
Янги келган автобуслар тегишли йўналишларга тақсимланган. Лойиҳа офисига кўра, улар 131, 93, 58 каби йўналишларга қўйилмоқда. Бунда автобуслар йўлларнинг кенглиги эмас, талаб юқорилигига қараб ажратилмоқда. Хўш, улар кўчаларимизга мослашганми?
“Ҳозирги кунда бекатларимиз 18 метрли автобуслар учун мослашмаган. Автобуслар энди келган вақтда техник томондан синовдан ўтказилганди, шунда “гармошка”ларнинг олд томонидаги 3 та эшиги бекатда қолаётгани кузатилди. Охирги эшиги эса ариқнинг олдида очилиб қоляпти. Мана шундай ҳолатлар учун ҳокимият, ЙҲХББ ўрганиш ишларини олиб бормоқда”, – дея жавоб берди Обидов.
Энг сўнгги босқичда трамвай линиясини ўтказиш бошланади
Мурод Обидовнинг таъкидлашича, бошланишида бор имкониятлардан фойдаланган ҳолда транспорт ҳаракати муаммо бўлиб турган йўлларнинг масаласи ҳал қилиниши керак, шундан кейингина бошқа босқичларда трамвай тизимини ривожлантириш ишлари олиб борилиши мумкин бўлади.
“Аҳоли эҳтиёжларидан келиб чиқиб, бир томонга бир соат ичида ҳаракатланадиган жамоат транспорти ташув қувватларига асосан, жамоат транспорти турлари танланади. Бунда:
1) олдин оддий автобуслар;
2) кейин алоҳида йўлакларда ҳаракатланадиган кичик интервалли катта ва 130 та йўловчи сиға оладиган ўта катта сиғимли автобуслар;
3) кейинги талаб ортиб борганида бир вақтнинг ўзида 250 нафар йўловчини таший оладиган замонавий трамвай тизими;
4) талаб янаям ортганида эса битта ҳаракат таркибида 1 минг 200 тагача йўловчи сиғдирадиган метро тизимлари жорий этилади.
Ҳозирда юқорида айтиб ўтганимиз, асосий транспорт артерияларимиз максимал ўтказувчанликда ишлаётгани сабаб у ерда доимий тирбандликлар юзага келган. Бундай ҳолатда ўта катта сиғимли автобусга эга паркимиз бўла туриб, тирбанд бўлган кўчаларда автобус йўлаклари ўрнига трамвай тизимини қилишимиз нотўғри бўлиб, йўлларда кунлик харакатланишга эҳтиёжи бўлган аҳолининг йиллар давоимида тирбандликда туришга мажбурлаш бўлади.
Чунки жараёнда олдин геология тадқиқот ишлари, лойиҳалаш, кейин узоқ муддатли қурилиш ишларини олиб бориш керак, бу эса 3-5 йилни талаб этади. Бу ерда бизга маълум олдинги трамвай ҳақида гап кетмаяпти, янги трамвай тизими атрофдаги иншоотларга вибрацион таъсир кўрсатмайдиган, рельслари чоксиз ва деярли шовқинсиз ҳаракатланадиган, баъзи ҳудудларда контакт рельслар орқали электрда қувватланиб ҳаракатланадиган 3 ёки 5 секцияли замонавий трамвай ҳақида гапиряпмиз. Бу трамвайлар 250-280 нафар йўловчини таший олади.
Ҳозирда мавжуд ҳолатни таҳлил қилган ҳолда биринчи навбатда шаҳримизнинг 13 та муҳим транспорт коридорларида жамоат транспорти учун устуворликни таъминлаш, янги трамвай лойиҳаларини эса прогноз даврларда аниқ катта оқим бўладиган йўналишлардан бошлаш, кейинчалик талабдан келиб чиқиб, бу тизимни ривожлантириб бориш мақсадга мувофиқ бўлади. Айни вақтда Тошкентда шахсий транспортнинг ўрнига бошқа альтернативи йўқ. Барқарор жамоат транспорти бўлганидан кейин бу альтернативлар пайдо бўла бошлайди. Биз одамлар учун бошқа вариантларни таклиф қилмагунимизча шахсий транспортидан маҳрум қилишга интила олмаймиз, йўлакларни олиб қўёлмаймиз”, – дея таъкидлади Обидов.
Қолаверса, унинг қўшимча қилишича, бу ерда иккинчи масала – овоз чиқармайдиган, шовқинсиз, бир қисми ернинг остида жойлашадиган трамвай бор бўлган кўча қуришни лойиҳалашдир. Яъни бунда ерости коммуникациялар ҳам инобатга олиниши керак бўлади.
“Трамвай ўтиши керак бўлган йўлларнинг деярли барчасида ерости коммуникациялар бор. Уларнинг ҳаммасини бошқатдан кўриб чиқиш лозим. Буларнинг ҳаммаси вақт талаб қиладиган ишлар ҳисобланади”, – деди у.
Масъулга кўра, юқоридаги лойиҳалар босқичма-босқич амалга ошиб бораверса, 3 йилда жамоат транспортида кунлик йўловчи ташувлари 3 млн нафарга чиқади.
Бунда автобуслар 1 минг 900 тага, тармоқлар сони эса 167 тага кўпайиши, ундан фойдаланувчилар 1,6 млн нафар бўлиши кутилмоқда. Метрополитенда эса 4 та йўналишда ҳаракатланадиган 78 та ҳаракат таркиби (состав) билан 1 млн нафар йўловчи ташилиши режа қилинган.
Дилшода Шомирзаева тайёрлади.
Тавсия этамиз
“Чорсу” меҳмонхонасини бузиш бошланди. Бунга қанча вақт кетади?
Ўзбекистон | 19:03 / 18.01.2025
“Гуллаётган” автофирибгарлик, соҳадаги кучли протекционизм оқибати – мутахассислар билан суҳбат
Ўзбекистон | 09:58 / 18.01.2025
Ижтимоий карталарни тарқатиш бошланди. У қанақа карта ва кимларга берилади?
Ўзбекистон | 23:36 / 17.01.2025
Исроил ҲАМАС билан келишув матнини эълон қилди
Жаҳон | 22:06 / 17.01.2025
Сўнгги янгиликлар
-
Россияда яшаш учун рухсатнома олганларнинг ҳайдовчилик гувоҳномалари 1 йил амал қилади
Жаҳон | 18:37
-
Британияда кайфиятни яхшилашга ёрдам берадиган мия имплантати яратилди
Фан-техника | 18:29
-
Бандлик вазирига биринчи ўринбосар тайинланди
Ўзбекистон | 18:24
-
Очиқлик талабларини бажармагани учун 2024 йилда 5 нафар мансабдор жаримага тортилди
Ўзбекистон | 18:17
Мавзуга оид
16:12
Тошкент шаҳри ҳокимлиги кўчмас мулк сотиб олишда эҳтиёт бўлишга чақирди
23:20 / 18.01.2025
Тошкент метросида 19 ёшли йигит ўзини поезд тагига ташлади
17:44 / 17.01.2025
Тошкентда 4 нафар эгизак чақалоқ туғилди
16:20 / 16.01.2025