Жаҳон | 18:37 / 20.01.2025
2590
2 дақиқада ўқилади

Россияда яшаш учун рухсатнома олганларнинг ҳайдовчилик гувоҳномалари 1 йил амал қилади

Уларга Россиянинг ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш тавсия қилинмоқда.

Фото: РИА Новости

2025 йил 1 апрелдан бошлаб, Россия фуқаролиги, яшаш учун рухсатнома (ВНЖ) ёки вақтинчалик яшаш учун рухсатнома (РВП) олган кундан бошлаб бир йил тўлган шахсларнинг хорижий ҳайдовчилик гувоҳномалари мамлакат ҳудудида ҳақиқий эмас деб ҳисобланади. Бу ҳақда Россия Ички ишлар вазирлиги матбуот марказига таяниб, ТАСС хабар берди.

Департаментнинг тушунтиришича, 2024 йил апрел ойидан кучга кирган қонунга кўра, «яшаш учун рухсатнома олган ёки Россия фуқаролигини олган кундан бошлаб бир йил тўлган шахсларнинг хорижий ҳайдовчилик гувоҳномалари ҳақиқийлигини йўқотади».

«Ушбу норма Россия фуқароси бўлган хорижлик ҳайдовчилик гувоҳномаси эгаси Россияга биринчи марта кириб келган кундан бошлаб бир йил ўтгач белгиланади», деб қўшимча қилди ИИВ.

Агар ҳайдовчи Россияда яроқсиз гувоҳнома билан транспорт ҳайдаса, 15 минг рублгача жаримага тортилади ва гувоҳномаси тиклангунга қадар ҳайдовчиликдан четлатилади.

2024 йил 1 апрелдан кучга кирган «Йўл ҳаракати хавфсизлиги тўғрисида»ги Россия қонунига киритилган ўзгартиришларга кўра, хорижий миллий ва халқаро ҳайдовчилик гувоҳномалари, агар уларнинг эгалари вақтинчалик яшаш учун рухсатнома, яшаш учун рухсатнома ёки Россия фуқаролигини олган бўлса, ҳақиқий эмас деб топилади. Ушбу санадан олдин Россиядаги мақомини ўзгартирганларга Россия ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш учун бир йил муддат берилган эди.

Мавзуга оид