Ўзбекистон | 07:26 / 20.04.2023
3372
2 дақиқада ўқилади

Давлат хизматларини қўшимча тўлов асосида жойига чиққан ҳолда кўрсатиш йўлга қўйилади

Фото: Kun.uz

Вазирлар Маҳкамасининг “Қўшимча тўлов асосида жойига чиққан ҳолда давлат хизматларини кўрсатишнинг маъмурий регламентини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясини “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили”да амалга оширишга оид давлат дастурида давлат хизматларини қўшимча тўлов асосида хизмат кўрсатувчи ходимни фуқаро яшаш жойига чақириш орқали махсус техник қурилмалар ёрдамида кўрсатиш амалиётини кенгайтириш тартиби белгиланган.

Қуйидагиларни назарда тутувчи қўшимча тўлов асосида жойига чиққан ҳолда давлат хизматларини кўрсатиш маъмурий регламенти тасдиқланиши мумкин:

қўшимча тўлов асосида давлат хизматларидан фойдаланиш учун Адлия вазирлигининг Алоқа марказига (“Call-марказ”), расмий веб-сайтига ва телеграм-бот орқали мурожаат қилиш;

давлат хизматларини жойига чиқиш орқали махсус техник қурилмалар ёрдамида (планшет ёки компьютерга ўрнатилган техник қурилмалар) кўрсатиш.

Белгиланишича:

2023 йил 1 октябрдан бошлаб, давлат хизматларини қўшимча тўлов асосида махсус техник қурилмалар ёрдамида (планшет ёки компьютерга ўрнатилган техник қурилмалар) хизмат кўрсатувчи ходимни жойига чиққан ҳолда кўрсатиш имконияти яратилади;

давлат хизматларини кўрсатишда “Call-марказ”, расмий веб-сайт ва телеграм-ботдан фойдаланилади.

Адлия вазирлиги “Call-марказ”, расмий веб-сайт ва телеграм-бот орқали қўшимча тўлов асосида жойига чиққан ҳолда кўрсатиладиган давлат хизматларини кўрсатиш бўйича буюртмалар қабул қилиш ва мазкур буюртмаларни тегишли Давлат хизматлари марказларига юбориш имкониятини яратади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид