Россиянинг бутун фронт бўйлаб ҳужуми тўхтаб қолди — бу афтидан, Украинанинг қарши ҳужуми кутилаётгани билан боғлиқ
Аммо «Вагнер» ХҲК ўжарлик билан Бахмутни штурм қилишда давом этмоқда.
Россия қўшинлари фронтнинг турли йўналишларида ҳужум қилишга уринишда давом этмоқда — лекин борган сари сустроқ. Деярли барча йўналишларда ҳаракатлар позицион хусусиятга эга бўлиб, асосан икки томоннинг артиллерия дуэллари кўринишига ўтган.
Бу урушда аввал ҳам шундай вазият юзага келганди: 2022 йилнинг июл ва август ойларида Лисичанск эгалланганидан кейин Россиянинг юриши дарҳол тўхтамаган, аммо ҳужумлар борган сари ланжлик билан қилинган, худди инерция бўйича давом этгандек эди. Украина қуролли кучларининг кузги юриши ҳам шу тарзда якун топганди – ноябрда РФ қуролли кучлари Днипро дарёси тимсолидаги ишончли табиий тўсиқ ортига чекинган, декабрда эса украинларнинг Луҳанск области шимолидаги ҳужумлари ҳам аста-секинлик билан тинчиб қолганди.
Фронтдаги бундай динамика – ташаббус рақиблардан биридан иккинчисига ўтаётгани белгисидир. Катта эҳтимол билан, Украина қуролли кучларининг кучли қарши ҳужумини кутаётган Россия қўшинлари тактик аҳамиятгагина эга бўлган локал ҳужумларни давом эттириш учун жуда кўп куч ва захираларни сарфлашни истамаяпти. Фақат Бахмут истисно бўлиб қолмоқда, бу ерда ҳали украинлар учун инқироз ортда қолдирилмади: Украина ҚК шаҳарнинг фақат ғарбий кварталларини назорат қилмоқда, бу ҳудуд ҳам қуршов хавфи остида.
Бахмут
- «Вагнер» ХҲК кучлари, унинг раҳбарияти ва РФ мудофаа вазирлиги тасдиқлашича, туташув чизиғининг бир қисмини (шимолда Сакко ва Ванцетти қишлоқларидан Зализнянскийгача ва жанубда Озаряновкидан Ступочеккача) мунтазам қўшинларга топширган. Бу эса ХҲКнинг Бахмут атрофидаги штурм отрядлари бўшаб, шаҳарни эгаллаш учун янгидан штурм ташкиллаштириш имконини берган. Апрел ойи бошида шаҳар марказида эришилган муваффақиятлардан кейин (ёлланма жангчилар бир неча кун ичида марказий кварталларни эгаллаб олди) вагнерчилар темирйўл атрофида янги мудофаа чизиғида тўхтаган. Вокзал ва унинг атрофи учун жанглар икки ҳафтадан кўпроқ вақт олдин бошланганди.
- Украина дронларидан олинган видеоларга кўра, сўнгги кунларда ХҲК ёлланма жангчилари темирйўл ортига ўтиб олишга муваффақ бўлган. Украина қуролли кучларининг бу ҳудуддаги асосий таянч пунктлари — вокзалнинг ўзи ва ундан шимолдаги элеватор эгаллангани аниқ эмас. Ғарбий ҳудудларни яққол кузатиб туриш мумкин бўлган элеваторнинг баланд биносини украин қўшини чекинаётиб портлатиб юборган, аммо бу тўла муваффақиятли амалга ошмаган — бинонинг бир қисми бутун қолган.
- Шу билан бир вақтда «Вагнер» ХҲК шаҳарнинг ғарбий кварталларидаги гарнизонни таъминотдан узиб қўйиш учун шимолдан (Северний ставок ҳовузи ҳудуди) ва жануби-ғарбдан (Чайковский кўчасидаги баланд иморатлар жойлашган ҳудуд) таъминот йўлларига тўғридан тўғри ҳужум қилмоқда. Шимолда вазият улар учун яхшироқ кетмоқда: ёлланма жангчилар Атиргуллар хиёбони (Аллеи Роз) ва собиқ Маданият уйини (бу бино ҳам украин ҳарбийлари томонидан портлатиб кетилган) ҳудудини эгаллаган.
- Шаҳар штурми янада чўзилиши мумкин: ҳозирда ёлланма жангчилар тўлиғича темирбетондан қурилган баланд уйлардан иборат ҳудудга етиб келган. Бундан ташқари, бу ҳудуд ҳозирча «катта ер» билан яхши боғланган — шаҳарга олиб келувчи икки йўл бўйида Украина армияси кучли истеҳкомлар барпо этган. «Вагнер» ХҲК — катта эҳтимол билан, ҳаво-десант қўшинларининг мунтазам қисмлари кўмагида — бу йўллар устидан назорат ўрнатишга ҳаракат қилиши тайин, бунинг учун Бахмут ташқарисидаги Ивановское (Красное) қишлоғи ва Хромово посёлкасига яна бир бор ҳужум уюштирилиши мумкин. Украинадаги манбалар хабар беришича, ёлланма жангчилар «ҳаёт йўли» атрофидаги позициялардан бирини эгаллашга ҳам эришган. Бу жанглар тўғридан тўғри трассада кетаётгани билан боғлиқ илк ҳолат эмас, аммо бу сафар украин қўшини йўл назоратини бутунлай бой бериш хавфи юзага келган.
- Украина ҚК Бахмутни штурм қилаётган гуруҳнинг қанотларига қарши ҳужумлар уюштирмоқда (ҳозирча кичик кўламларда). Шаҳар тўлиқ эгаллаб олинишига йўл қўймаслик учун Украина қўмондонлиги анча йирикроқ қарши ҳужум уюштириши талаб этилади.
Бошқа йўналишлар
Украина қуролли кучларининг ҳужумга ўтишини кутаётган Россия қўшинлари Креминна, Авдийивка, Марйинка ва Вуҳледарда янги йирик ҳужумлар ташкиллаштиришга уринмаяпти. Фақат Креминна яқинидаги ўрмонзорда, Лисичанскдан ғарбдаги Билоҳоривкада, Авдийивкадан шимол ва жануби-ғарбда, Марйинкадан шимол ва жанубда кичик ҳужумлар давом этмоқда. Ўтган ҳафта давомида бу йўналишларда россияликларнинг олдинга силжиши ёки минимал даражада бўлди ёки умуман бўлмади.