Жаҳон | 13:34 / 21.04.2023
44846
9 дақиқада ўқилади

Тарихдаги энг катта ракета парвози ҳаводаги портлаш билан тугади. Бу аслида ҳам муваффақиятсизликми?

Асло, синов деярли омадли ўтди.

Куни кеча Илон Маск компаниясига тегишли тарихдаги энг оғир ракеталар — Starship ва Super Heavy’нинг синов парвози омадсизликка учради. Икки ракета ҳавода портлаб кетди. Аммо бу тўлиқ муваффақиятсизликни англатмайди. Синов ўз олдига ўзига қўйилган кўплаб мақсадларни бажарди.

Нима бўлди?

20 апрел куни Тошкент вақти билан соат 18:33 да Илон Маскка тегишли SpaceX компаниясининг тарихдаги энг йирик Starship ракетаси Техас штатининг Бока Чика космодромидаги ўта оғир ракеталар учун махсус ишга тушириш майдонидан (расман шундай деб тан олинган) ҳавога кўтарилди. Starship — бу ўз-ўзидан қайтиб келувчи ракета (50 метрлик иккинчи қора рангли қисм) ва биринчи қисм бўлмиш Super Heavy ракетаси билан умумий тўплам номидир.

Парвоз, SpaceX муҳандисларининг ҳисоб-китобларидан келиб чиққан ҳолда, деярли тўрт дақиқа давом этди. Тахминан, биринчи қисмни коинот кемасидан ажратиш режалаштирилган вақтда, нимадир нотўғри кетди: Starship Super Heavy’дан ажрала олмади ва бошқарувсиз айланишни бошлади. Ажралиш буйруғидан беш сония олдин содир бўлиши керак бўлган биринчи қисм двигателларининг ўчирилиши амалга ошмади. Парвоз видеосидан маълум бўлишича, Starship ўз двигателларини ишга туширишга ҳаракат қилган (режага кўра, бу ажралишдан беш сония ўтгач юз бериши керак эди), аммо бу ҳеч қандай ўзгаришга олиб келмаган.

Парвоз вақти 3 дақиқа-ю 59 сонияга етганда иккала қисмда ҳам портлаш юз берди (SpaceX буни ҳазил билан «режадан ташқари тезкор демонтаж» деб атади). Портлаш ўз-ўзидан содир бўлганми ёки парвозни бошқариш маркази учишни тугатиш тизимини фаоллаштирганми, ҳозирча номаълум. SpaceX муҳандислари ракета корпуси бўйлаб ётқизилган портловчи симлар тизими туфайли бундай имкониятга эга эди. Шунингдек, бу муҳандисларга қулаш натижасида юзага келадиган зарарни камайтириш учун ракетани бир неча бўлакларга бўлиш имконини ҳам берган.

Тўплам максимал 39 километр баландликка кўтарилди. Космоснинг халқаро миқёсда тан олинган чегараси 100 километр баландлик ҳисобланади, шунинг учун расмий равишда Starship кемаси коинотга чиқа олмади.

Режага кўра, парвоз қандай амалга оширилиши керак эди?

Парвоз режасига биноан, иккинчи қисмдан ажралган Super Heavy ҳавода ортга бурилиш манёврини амалга ошириб, Мексика кўрфазига қараб йўл олиши ва у ерда парвоз бошланганидан саккиз дақиқа ўтганда, сувга қулаши кўзда тутилган эди. Starship эса муваффақиятли ажралишдан беш сония ўтгач, ўзининг Raptor двигателларини ишга тушириши ва 233 километр баландликкача суборбитал парвозни давом эттириши керак эди. Умумий парвоз давомийлиги ракета учирилган пайтдан бошлаб бир ярим соатни ташкил қилиши лозим бўлган.

Гарчи икки қисм ҳам тўлиқ ерга қайтадиган қилиб яратилган бўлса-да, бу сафар уларни ерга қўндириш режалаштирилмаган. Бироқ, синов парвози дастурига қайтиш дастурининг кўплаб элементлари киритилган. Энг аввало, муҳандислар Super Heavy двигателларининг ишлашини текширишни режалаштиришган — двигателлар стартдаги ёнишдан ташқари, тушиш пайтида қўшимча равишда яна ишга тушиши ва камида бир дақиқа ишлаши керак эди. Ушбу двигател синови натижалари Super Heavy’нинг келажакда денгиз платформасига қўнишини режалаштиришда ҳам муҳим аҳамиятга эга.

Атмосферага кириш пайтида кеманинг ўзи учун ҳам муҳим синовлар режалаштирилган эди. Хусусан, SpaceX муҳандислари кўп йиллардан бери устида ишлаб келаётган ва Ерда тўлиқ синовдан ўтказиш қийин бўлган кеманинг керамик термал ҳимояси атмосферада синовдан ўтиши лозим эди.

Портлаш — бу муваффақиятсизлик, миссия ўз мақсадларига эриша олмадими? Нега унда ҳамма жуда хурсанд бўлди?

Ракета учирилишининг жонли эфирида рўй берган кучли портлашдан сўнг дарҳол муҳандислар ва оддий томошабинлар кутилмаганда хурсандчилик қилганини кўриш мумкин — худди ҳаводаги портлаш олдиндан режалаштирилгандек. Аслида, албатта, бундай эмас. Парвознинг бутунлай муваффақиятли ўтганига ҳеч қандай асос йўқ.

Бироқ, ҳаммаси муаммосиз, режадагидек ўтиши эҳтимоли олдиндан кичик бўлганини тушуниш муҳим. Парвоз дастури қисман бажарилди ва бу ўз-ўзидан катта ютуқ: масалан, агар ёдга олинса, энг катта ракетанинг ишлаб чиқарилиши бор-йўғи тўрт йил аввал, Starhopper деб номланган «космик бочка»нинг Ердан бир метр баландликка сакраши бўйича тажрибалар билан бошланган. Ушбу муваффақиятсиз синов парвози орқали қандай мақсадларга эришилди?

— Энг аввало, Super Heavy ва Starship’нинг 120 метрли тўплами биринчи марта ҳавога кўтарилганининг ўзи муҳим. Қурилмаларнинг ҳар бири алоҳида синовдан ўтказилди, уларнинг тўплами 2021 йилда Ерда синовдан ўтказилди, лекин ҳозиргача ҳавога кўтарилмаганди. Икки мустақил қисмнинг биргаликда ишлаши қийин вазифа бўлиб, бу биринчи мартадаёқ уддаланди.

— Биринчи қисм двигателлари деярли нормал ишлади. 33 та двигателдан фақат учтаси ишга тушмади, кейинроқ яна иккитаси вақти-вақти билан ўчиб қолди, аммо умумий таянч, биринчи қисм тўпламдан ажраладиган нуқтага эришиш учун етарли эди.

— Starship учун махсус қурилган ишга тушириш майдончаси учишга бардош берди ва ҳозирда маълум бўлишича, ҳеч қандай зарар кўрмаган (аслида зарарланиши мумкин эди).

— Ўнлаб йиллар давомида ишлатилган ва ишлаб чиқилган фазо кемасининг портлаши (масалан, «Прогресс») ва тўплам шаклида ҳали умуман синовдан ўтказилмаган мутлақо янги аппаратнинг портлаши ўртасида катта фарқ бор.

— SpaceX, принципиал жиҳатдан, ўз ракеталарини синовдан ўтказишда анъанавий ёндашувдан мутлақо фойдаланмайди ва бу Starship дастурига тегишли. Ушбу ёндашув компаниянинг янги қурилмаларни ишлаб чиқишда муқаррар бўлган муваффақиятсиз синовлар ва портлашларни умуман яширмаслигидир. Бундан ташқари, ушбу ўта оғир кемаларнинг прототиплари дастлаб Илон Маскнинг ўз маблағлари ҳисобидан ишлаб чиқилган ва компания NASA’га мутлақо бошқа ракеталар — Falcon’лар ёрдамида транспорт хизматларини кўрсатади. Шундай экан, SpaceX учун ушбу омадсизликнинг хавфи кам эди.

— Ҳозиргача Starship’лар ва уларнинг прототиплари кўп марта портлади: баъзилари ҳатто учириш майдончасидан ҳам кўтарилмай туриб, бошқалари эса муваффақиятли қўнганидан бир неча дақиқа ўтиб портлаб кетди. Кеманинг биринчи ибтидоий прототиплари бўлган Starhopper парвозлари натижаларининг умумий жадвалига қарашнинг ўзи кифоя (уларнинг шунчаки баъзилари эмас, балки катта қисми яроқсиз ҳолга келган ёки шикастланган).

— SpaceX’да аллақачон, келажакдаги Starship’лар парвозлари учун ҳомийлик қилмоқчи бўлган одамларнинг бутун бир навбати мавжуд. Уларнинг биринчиси, бу америкалик миллиардер Жаред Айзекман бўлиб, у учта хусусий космик тадқиқот миссиясини ташкил қилиш учун пул тўлаган. Булардан бири Starship’да амалга оширилиши керак. Иккинчи ҳомий, ушбу кемада Ой атрофида учишни режалаштирган япониялик миллиардер Юсаку Маэзава. Кейинроқ уларга биринчи космик сайёҳ Деннис Тито қўшилди, у аллақачон Ой атрофида учувчи иккинчи тижорий Starship кемаси чипталарини сотиб олган. Ва, асосий буюртмачи яна NASA бўлиши керак, ташкилот кемадан америкалик астронавтларни Ойга қўндиришда фойдаланишни режалаштирмоқда.

— Энг муҳими шундаки, бу бошқариладиган парвозларнинг барчаси ракета ва кема бир неча марта кам аҳамиятли юк миссияларида (янги Starlink сунъий йўлдошларини орбитага олиб чиқиш) синовдан ўтказилгандан сўнг амалга оширилади. Starship’нинг унчалик муваффақиятли бўлмаган биринчи суборбитал учиши, эҳтимол, бошқариладиган парвозларни бир мунча вақт ортга суриши мумкин. Аммо SpaceX синов парвозлари ва тижорий учишларни бирлаштиришнинг жуда аниқ стратегиясига эга.

Муҳаммадқодир Собиров
Тайёрлаган Муҳаммадқодир Собиров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид