Россия орқали қатор товарларнинг транзити тақиқланиши мумкин
Европа Иттифоқи Россия орқали транзит қилиниши керак бўлган айрим товарлар мамлакатда қолиб кетаётганини аниқлаган.
Москвага қарши санкцияларнинг 11-пакети доирасида Европа Иттифоқи (ЕИ) кўплаб товарларнинг Россия орқали транзитини тақиқлашни режалаштирмоқда. Муҳокамалардан хабардор одамларга кўра, транзитни тақиқлаш кўплаб технологиялар ва бошқа товарлар, жумладан, бир неча турдаги транспорт воситаларига ҳам татбиқ этилади. Бу ҳақда Bloomberg хабар берди.
Европа Иттифоқи Россиянинг ҳарбий, авиация ва космик саноатида қўлланиши мумкин бўлган товарлар ва технологиялар, шунингдек, Москванинг саноат салоҳиятини мустаҳкамлашга ёрдам берадиган товарларнинг транзитини тақиқлаши мумкин. Полша, Эстония ва Литва шуни талаб қилмоқда. Санкциялар, шунингдек, танкерлар ва уларнинг ҳаракатини кузатиш учун зарур бўлган навигация тизимларини ўчириб қўядиган бошқа кемаларни ҳам нишонга олиши мумкин.
Шу билан бирга, «Росатом» чекловлар остида қолиши даргумон. Чунки, Европа Иттифоқига аъзо кўплаб давлатлар ҳамон Россия ядро секторига қарши санкциялар жорий этишга қарши.
11-пакет 30 га яқин янги рўйхатни, шунингдек, бир нечта компания ва ташкилотларга қўшимча чекловларни ўз ичига олиши кутилмоқда. Санкциялар жорий қилиниши учун Европа Иттифоқига аъзо барча давлатларнинг рози бўлиши керак.
Bloomberg фикрига кўра, Россия санкцияларга дучор бўлган бир нечта технологиялар бўйича чекловларни четлаб ўтишга эришди. Европа Иттифоқи ва бошқа мамлакатларда ишлаб чиқарилган энг янги чиплар ва интеграл микросхемалар учинчи давлатлар, жумладан Туркия, Бирлашган Араб Амирликлари ва Қозоғистон орқали Россияга етказилмоқда.
Бошқа маълумотларга кўра, Европа Иттифоқининг Россия билан чегарадош баъзи давлатлари, жумладан Финляндия ва Эстония Марказий Осиё давлатлари билан савдо айланмасини оширган ва бу товарлар кўпинча Россия транзит йўллари орқали етказилган. Айрим товарлар Россияда қолган ёки учинчи давлатлардан қайта экспорт қилинган.
Мавзуга оид
17:53
Ўзбекистон олтин ишлаб чиқарувчи давлатларнинг етакчи ўнталигига кирди
21:00 / 12.11.2024
Россияда мигрантлар учун уй-жой ижараси қоидалари кучайтирилади
18:09 / 12.11.2024
Полша Бош штаби бошлиғи Россия билан урушга тайёргарлик кўришга чақирди
16:07 / 12.11.2024