Жамият | 12:11 / 23.04.2023
35223
7 дақиқада ўқилади

“Эркак киши боқимандаликка ўрганса ёмон бўларкан” — оиласини боқаман деб яримжон бўлган аёл ҳикояси

Ўзбек аёллари қирққа яқинлашган сари ёшига нисбатан катта кўриниб қолади. Бу уларнинг ўз гарданига керагидан ортиқ масъулият ортишидан, рўзғор, бола-чақа ташвишида ўзини парвариш қила олмаслигидан. “Ҳаётий ҳикоялар”нинг бугунги қаҳрамони ҳам ана шундай аёллардан бири. Ёшлигида ўзини ўққа-чўққа уриб, рўзғор аравасини бир ўзи тортган аёл, бугун ўзини кўтаришга ҳам кучи етмайди.

Фото: Kun.uz

“Ота-онам биргаликда меҳнат қилишганини кўриб катта бўлганман. Улар бир-бирларини авайлашарди. Онам топганини отамнинг қўлига тутарди. Отам ҳам тиним билмайдиган меҳнаткаш инсон эди. Уларнинг сиймосида мен оила шундай бўлади деган тушунча билан катта бўлганман.

Турмуш ўртоғимнинг ота-онаси йўқ эди. Амакисининг қўлида катта бўлган, соддагина йигитдан совчилар келганда отам ўйлаб ҳам ўтирмади. Етимга яхшилик қилиш савоб, сепи ҳам керакмас деб узатиб юборди.

Эр-хотин қўш ҳўкиз дейишади. Рўзғор аравасини бирга тортиб, кам-кўстларини тўлдириб, фарзандларни уйли-жойли қилиб юришганига нима етсин, деб ўйлардим. Лекин аёл киши кўп ҳам ўзини қийнайвериши керак эмас экан.

Эримнинг амакиси ҳовлиси этагидаги ерни уй солишимиз учун бизга ажратиб берди. Ота-онамнинг тарбиясини олган эмасманми, лой қорса лойга, ғишт қуйса ғиштга тушдим. Эрим билан тенгма тенг ишлаб, уй кўтардик.

Икки хонани яшаса бўладиган ҳолга келтириб кўчиб ўтдик. Эрим қишлоқдаги у-бу ишларни қилар, шунинг орқасидан бир кунимиз ўтиб турарди. Мен ҳам бекор ўтирмай деб ернинг бир қисмини чопиб экин экса бўладиган ҳолга келтирдим. У-бу нарсалар экдим.

Эрим ёмон инсон эмас, фақат ишни ўзи билиб-билиб қилмасди. Унга нима қилиш кераклигини айтиб туриш керак эди. Лекин эримга иш буюришга хижолат бўлиб, ўзим қилиб қўяверардим.

Бу орада фарзандли бўлдик. Уйимиз қувончга тўлди. Шу билан бирга чиқимларимиз ҳам кўпайди. Эрим совуқ кунда шаҳарга бориб мардикорчилик қилиб юрди. Гоҳида қўли бўш қайтар, гоҳида тўлиб-тошиб келадиган бўлди. Хуллас, қишдан бир амаллаб чиқдик.

Лекин эрим яхшигина шамоллаган экан. Бир муддат ётиб қолди. Қўлимда ёш болам, эримнинг амакилари ҳам катта оила, ўзларидан ортмайди, ота-онамдан пул сўрагани уяламан, уларнинг ҳам ўзига яраша харажати бор.

Маслаҳатлашиб, Тошкентга қатнаб савдо қиладиган қўшнимиз билан ишлайдиган бўлдим. Боламни онамга ташлаб қўшни аёл билан ярим кечаси пойтахтга йўл олдим. Янгиобод бозорида ишлатилган буюмлар сотиларкан, рўзғорга керак бўладиган нима бўлса, қозон, чойнак ва бошқа идишларни шу ердан олдик.

Оғирлигидан кўтаролмай арава ёлладик. Поездда вилоятимизга ҳам етиб келдик. Энди уни уйга олиб бориш ҳам бир азоб бўлди. Уйга олиб келиб ҳамма идишларни ювдим. Қорайган қозонларни оқартириш осон бўлмади. Одатда қорайган қозонни оловга қўйиб, куйдириб тозаланади. Куйдираётганимда эриб кетганлари ҳам бўлди. Шундай пайтлар алам қилиб йиғлаб ҳам олардим.

Меҳнати оғирлигини айтмаганда яхши пул қоларкан. Ишлатилган идишларни олиб келиб, тозалаб янгидек қилиб, янгидан арзонроқ, лекин олганимдан анча қиммат нархга сотиш мумкин экан. Шундай қилиб бир-икки сўм ишлаб, пул топиш ёқиб қолди.

Чарчасам ҳам топадиган даромадим куч бера бошлади. Ҳафтада бир кун Тошкентга бориб келардим. Яна бир кун идишларни тозалашга кетар, қолган куни қишлоқ бозорига олиб бориб сотардим.

Аввалига эримни даволатдим. Бир ҳафта укол-дори олганидан сўнг оёққа турди, бир ой уйда ётиб куч-қувватини тиклаб олди. Лекин аввалгидек шижоати йўқ эди. Иш айтиб келган қўшниларга рад жавобини бера бошлади. Дадаси, нега ишламаяпсиз, десам сен яхши топаётган бўлсанг, арзимаган пулга ишлаб нима қиламан, дейдиган одат чиқарди.

“Товар” оладиган пулимдан ташқари даромадимни эримга топширардим. Бошида хижолат бўларди, бора-бора ўзи сўраб оладиган бўлди. Эркак киши боқимандаликка ўрганса ёмон бўларкан. Ўзини бирам авайлайди, оғир иш қилгиси келмайди, ишланг десам, кичкинагина оиламиз бўлса, топганинг бемалол етиб турибди-ку, деган гапни такрорларди.

Бориб-келиб юриб тажрибам ошди. Эримга сиз сотсангиз-чи, десам, қўй онаси, мен уяламан, деди. Бозордаги сотувчиларга тарқатиб, кейин пулини йиғиб оладиган бўлдим. Баракасини бераман деса ҳеч гап эмас экан. Пул санашга ҳам мажолим қолмасди. Олиб келиб эримнинг олдига тўкардим. Ўзи битталаб тахлаб, санаб чиқарди-да, керагини бериб, фойдани олиб қўярди.

Шу тарзда йиллар ўтди. Уйни кўтариб ёпдик. Қизимни ўқитдик. Оғир юк кўтариш натижасида умуртқамнинг бир нечта жойидан грижа бўлдим. Бошида оғриқларга эътибор қилмадим. Лекин барибир у зўр келди. Қадам ҳам босолмай қолдим.

Эримга ишимни давом эттиринг, сиз олиб келиб беринг, мен ювиб тозалайман, десам унамади. Аввал ҳам бирга ишлашни рад этганди. Бу иш мени қўлимдан келмайди, деди. Пулим борида ишли бўлиб қолсин деб бир фабрикага ошпаз ёрдамчиси қилиб ишга жойлаб қўйдим.

Шу ишда ишлаб кетди. Ўрнимдан қўзғалолмайдиган бўлиб қолганимдан сўнг докторга ётдим. Тахтага тайёр бўлмагунча шифокорга келмайди бу ўзбек аёллари, деб доктор роса уришди. Чиндан келолмасдим, қизимни чиқардим, эримни ишга жойладим, уй-жойимни кўнгилдагидек қилдим, энди дам олсам бўлади, деб ўйладим.

Лекин адашган эканман. Бир жонимга нечта хасталикни чиқариб берди. Хуруж қилганда ўрнимдан қўзғалолмай қоламан. Ҳар олти ойда ётиб даволанмасам бўлмайди. Эрим ҳам мени авайлайдиган бўлди.

Гоҳида алам қилади, шунча йил асрамай, энди соғлиғим йўқолганда авайлаганини бошимга ураманми, деб. Кейин дарров ўзимга келаман. Шу ҳолимда ҳам ишламай ётганда, ишлаб туравер, ўлмайсан, деганда нима қилардим, дейман.

Қизимнинг ҳаёти меникидан буткул фарқли кўринишда кечмоқда. У ишлаган пулини эрига бермади. Эри, қайнонаси бошида роса жанжал қилишди. Сиз эркаксиз оилада, биз боқишингиз керак деб тураверди. Олдимга ўтирғизиб қизим, ундай қилма, эрингнинг ишлари юришиб кетса, бу кунларни кўрмагандай бўлиб кетасизлар, оилада сеники, меники бўлмайди, десам биласизми нима деди.

“Ойи, менинг ҳаётим ҳам сизникига ўхшашидан қўрқаман. Қотган нон бўлса ҳам борига шукур қиламан, лекин эрим ўзи ҳаракат қилиб, оилани таъминламагунича мен кам-кўстини тўлдирмайман. Ўрганиб қолиб, сен боқяпсан-ку, деб ҳаракат қилмай қўйса нима қиламан? Топганим шу оиламники, болаларимга, оиламга сарфлайман. Лекин ҳозир мавридимас”, деди.

Куёвим қизимнинг бу ҳаракатларидан кейин имтиҳонларга қаттиқ тайёрланиб орган ишига ҳужжат топширди. Ўтиб кетди. Яқинда қизимга Spark олиб берди. Қизимчалик ақлим бўлмаган экан, дейман баъзида ўзимга.

Қизларим, ўқинг, ишланг, йўқчиликка чиданг, ёнида туриб ҳамдарди, маслаҳатчиси бўлинг, лекин эрингизни боқимандаликка ўргатиб қўйманг”, дейди аёл жон куйдириб.

Чарос Маннонова суҳбатлашди.

Мавзуга оид