Жаҳон | 23:12 / 24.04.2023
10556
2 дақиқада ўқилади

Непалда Fly Dubai самолёти ҳавога кўтарилганидан сўнг ёнғин чиқди 

Кейинчалик вазият барқарорлашди ва самолёт парвозни давом эттирди. 

Фото: Getty Images

24 апрель куни Fly Dubai (БАА) компаниясининг самолёти Непал пойтахти Катманду шаҳри аэропортидан ҳавога кўтарилган пайтида фавқулодда ҳолат юз берди. 

Маҳаллий ОАВ хабарига кўра, самолётда ёнғин чиққан. Кўплаб гувоҳлар туширган видеотасвирларда самолёт двигателидан олов чиқаётганини кўриш мумкин. 

«Fly Dubai самолёти Катманду аэропортидан ҳавога кўтарилаётганда ёниб кетди ва аэропортга фавқулодда қўнмоқчи бўлди. Ўт ўчириш машиналари аэропортда», деб ёзди Ani агентлиги. 

The Kathmandu Post нашри Fly Dubai самолёти маҳаллий вақт билан 21:19 да (Тошкент вақти билан 22:04) ҳавога кўтарилгани ва Катмандудан Дубайга учаётгани, двигателдаги носозликлар туфайли фавқулодда ҳолат эълон қилгани ҳақида хабар берди. 

Катманду халқаро аэропорти менежери Пратап Бабу Тивари берган маълумотга кўра, самолёт ҳавога кўтарилганидан кўп ўтмай фавқулодда ҳолат эълон қилган. Бироқ кейинроқ экипаж диспетчерларга барча кўрсаткичлар меъёрида эканини айтиб, парвозни давом эттиришга қарор қилган. 

Фавқулодда қўнишга тайёргарлик кўриш мақсадида аэропорт қисқа муддатга ёпилган, аммо кейинроқ нормал иш фаолиятини давом эттирган. 

Авиакомпания вакили сўзларига кўра, Fly Dubai самолёти двигателига қуш кириб кетган, у «стандарт процедурани бажаргандан кейин» парвозни давом эттирган. 

Мавзуга оид