Ўзбекистон | 19:02 / 24.04.2023
14591
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонга қўшни давлатларда қизамиқ касаллиги кўпайгани айтилди

Қирғизистонда қизамиқ ва қизилча билан боғлиқ вазият жиддий деб баҳоланмоқда.

Фото: Fotolia

Қирғизистон иммунопрофилактика маркази директори Гулбара Ишенаписова сўзларига кўра, январь ойидан буён мамлакатда қизамиқ ва қизилча касаллиги билан боғлиқ 178 та ҳолат қайд этилган.

«Вазият жиддийлигича қолмоқда. Таъкидлайманки, ўсиш нафақат бизда. Россияда мингдан ортиқ, Тожикистонда 500 дан ортиқ, Ўзбекистонда 30 та, Туркияда 100 дан ортиқ ҳолат қайд этилган. Касалликни четдан олиб киришяпти. Шунинг учун мен ота-оналарни фарзанди ҳақида ўйлашга, КПК-вакцинасининг биринчи дозасини 1 ёшда, иккинчисини эса мактабдан олдин, 6 ёшда қабул қилишни ўтказиб юбормасликка чақирмоқчиман», деди у.

ЖССТ маълумотларига кўра, бутун дунё бўйлаб қизамиқнинг тарқалиш хавфи сақланиб қолмоқда, унинг сабаби - Covid-19 пандемияси ва аҳоли ўртасида профилактик эмлаш миқдорининг камайиши.

2023 йил март ойи бошидаги маълумотларга кўра, қуйидаги мамлакатларда қизамиқ билан касалланишнинг ўсиши кузатилган: Тожикистонда — 513 та, Туркияда — 286 та, Россияда — 233 та, Қозоғистонда — 75 та, Буюк Британия - 56 та ҳолат.

Қизамиқ - бу вирус келтириб чиқарадиган юқумли, инфекцион касаллик. Ушбу инфекция юқори сезувчанлик билан тавсифланади. Яъни, илгари қизамиқ билан касалланмаган ва эмланмаган одам қизамиқ билан касалланган бемор билан алоқа қилса, уни юқтириб олиш эҳтимоли жуда юқори. Қизамиқ ҳаво томчилари орқали юқади.

Қизамиққа қарши махсус даволаш усуллари йўқ.

Мавзуга оид