Тайван етакчиси АҚШга боришига Пекин ҳарбий машғулотлар билан жавоб қайтарди. Янги уруш яқинми?
Жаҳон оммавий ахборот воситалари Тайван бўғозида яқин орада уруш бошланиши мумкинлигини яна муҳокама қилмоқда. Тайван етакчиси Сай Йингвеннинг АҚШда «техник тўхташ» билан амалга оширилган Марказий Америка мамлакатларига саёҳатига Хитой армияси Тайван ороли атрофида кенг кўламли ҳарбий ўқув-машқлари ўтказиш билан жавоб берди. Хитой 2022 йилда АҚШ Конгресси Вакиллар палатасининг ўша пайтдаги спикери Ненси Пелосининг Тайпейга ташрифига ҳам худди шу тарзда муносабат билдирганди. Жаҳондаги яна бир қарама-қаршилик ҳам кенг кўламли урушга айланиб кетиши мумкинми ва Тайван хавфсизлиги масаласи нега бутун дунё учун муҳим? Meduza шу саволларга жавоб излади.
Ўзи нима бўлди?
2023 йил апрел ойи бошида Хитой Халқ озодлик армиясининг Шарқий ҳарбий округ қўшинлари уч кунлик «Бирлашган ўткир қилич» ҳарбий ўқув-машғулотларини ўтказди. Хитой армияси машғулотлари десант ташлаш, денгиз ва қуруқликда отиш амалиёти, шунингдек, Тайваннинг шимолий, шарқий ва жанубий ҳудудларидаги сувларда жанговар навбатчилик қилиш режаларини ўз ичига олган.
Машғулот доирасида Хитой Халқ озодлик армиясининг Ҳарбий-ҳаво кучларига тегишли 71 та қирувчи ва бомбардимончи самолёт Хитой ва Тайван ўртасидаги норасмий чегара ўтувчи Тайван бўғозининг ўрта чизиғини кесиб ўтди. Шуниси эътиборга лойиқки, 2022 йил 26 декабрида ҳам Тайван ҳаво мудофааси ишловчи зонага худди шунча миқдордаги Хитой ҳарбий самолётлари кирганди.
Хитой ҳарбийларининг сўзларига кўра, бу манёврлар Пекиннинг Тайван мустақиллиги амалга ошишига йўл қўймаслик ниятидан далолат беради. Хитой машғулотлари бошланишига Тайван маъмурияти раҳбари Сай Йингвеннинг Калифорнияда АҚШ Конгресси Вакиллар палатаси спикери Кевин Маккарти билан учрашиши сабаб бўлди. Ҳозиргача Тайваннинг ҳеч бир раҳбари АҚШ парламент палатаси раҳбари билан Америка ерларида музокара ўтказмаганди.
Тайван етакчиси нега АҚШга борди?
Маккарти ва Сай Йингвен ўртасидаги учрашув Тайван раҳбарининг расмий сафар дастурида бўлмаган. 29 март куни Тайван раҳбари оролнинг Марказий Америкадаги дипломатик иттифоқчилари бўлган мамлакатларга ўз турнесини бошлади. «Умумий фаровонлик учун демократик ҳамкорлик» шиори остидаги ушбу саёҳат Гватемала ва Белизга давлат ташрифларини амалга оширишни кўзда тутганди. Бундан ташқари, ўн кунлик сафарнинг беш куни АҚШдаги «транзит тўхташ жойлари» — Нью-Йорк ва Лос-Анжелесда ўтказилди. Сай Йингвен Тайпейдан кетгунга қадар Тайван Ташқи ишлар вазирлиги мамлакат етакчиси АҚШ расмийлари билан учрашиши мумкинлигини маълум қилмаган.
Агар Гватемала ва Белизга ташрифлар оддий форматда ўтган бўлса, сафарнинг АҚШдаги қисми Тайпей учун ташқи сиёсатдаги ютуқ бўлди. Маккарти ва бошқа расмийлар билан олиб борилган музокаралар Тайван Ғарб билан иттифоқчилик йўлидан оғишмаётганини кўрсатди. Калифорнияда учрашган Маккарти ва Сай оролга қурол етказиб бериш масаласини муҳокама этди ва «демократияни ҳимоя қилишда бирдамлик» эълон қилди.
Пекиннинг жавоби — бу Хитойнинг урушдан олдинги охирги огоҳлантиришими?
Апрел ойида ўтказилган машғулотлар ўтган йилги билан солиштирилганда дунё ва ҳатто орол ҳамжамиятига ҳам жиддий таъсир кўрсатмади.
2022 йилнинг 2 августида АҚШ Вакиллар палатасининг ўша пайтдаги спикери Ненси Пелоси бўлган самолёт Тайпейга қўнганди. Бу 1997 йилдан бери бундай даражадаги расмий шахснинг Тайванга биринчи ташрифи эди. Пелоси Сай Йингвен билан ҳам учрашди. Ўшанда спикер Пекиннинг провокацияга қаттиқ жавоб бериш ҳақидаги огоҳлантиришларига қарамай Тайванга келганди. Пекиннинг реакцияси ўзини узоқ куттирмаганди — 4-7 август кунлари Хитой Халқ озодлик армияси Тайванни ўраб олиш машқларини ўтказди. Расмий Тайпей бу манёврларни оролни блокада қилишга уриниш деб атади.
Ўшандаёқ машғулотлар янги норма сифатида кўрила бошланди. Хитой ҳарбийларининг сўзларига кўра, бўғозда патруллик қилиш эндиликда мунтазам амалиётга айланган. Аммо Пекиннинг бу манёврлари кенг кўламли операцияга айланадими деган савол очиқлигича қолмоқда. Августдаги кескинлашувдан кейин Пекин Тайванга тажовузкор ҳужумлар қилмади.
Хитой ҳарбий қўрқитишдан ташқари, бошқа чекловчи воситаларни ҳам қўлламоқда: масалан, Тайванга қум экспорти ва ундан қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини олиб киришни тақиқлаш, шунингдек, Тайваннинг таниқли амалдорларига қарши санкциялар киритиш каби.
Умуман олганда, кўлами жиҳатидан ўтган йилги билан солиштирилса, ҳозирги машғулотлар Тайпей ва Пекин ўртасидаги шундоқ ҳам мураккаб муносабатлар янада ёмонлашганини кўрсатмайди.
Тайван Хитой билан мулоқот ўрнатишга уринмаяптими?
Бундай уринишлар амалга оширилмоқда. Оролнинг Сай Йингвендан олдинги етакчиси бўлган Ма Йингжу кўнгилли сифатида Пекин ва Тайпей ўртасидаги кескинликни юмшатишга ҳаракат қилди. У 2023 йил март ойи охирида Хитойнинг материк қисмига ташриф буюрди. Мухолифатдаги Гоминдан партияси собиқ етакчисининг Нанкин, Уҳан, Чонгцин ва Хитойнинг бошқа шаҳарларига қилган сафари тарихга кирди: Ма Йингжу 1949 йилдан бери бўғознинг қарама-қарши қирғоғига ташриф буюрган Тайваннинг биринчи собиқ раҳбари бўлди.
Ма Йингжунинг мақсадларидан бири Синмин хотира куни (4 апрел) арафасида аждодлари қабрини зиёрат қилиш эди. Умуман олганда, бу ташриф Пекин билан мулоқот ўрнатиш имконияти сифатида кўрилди. Тайван собиқ етакчиси Хитойнинг материк қисми ва Тайван ягона давлат — Хитой Республикасининг бир қисми эканини таъкидлади. Гарчи Ма Йингжу ўз сафари давомида Хитойнинг юқори мартабали амалдорлари билан учрашмаган бўлса-да, у Сай Йингвендан фарқли ўлароқ, ўзининг муросакор позицияда эканини ҳаммага билдириш учун оммавий тадбирлардан фойдаланди. Йингжунинг нутқида асосий эътибор икки қирғоқнинг тинч-тотув яшашига қаратилиб, бирлашиш масаласи четлаб ўтилди.
Шу билан бирга, Ма Йингжунинг сўзлари ҳам оролда, ҳам Хитойда жамоатчилик норозилигини уйғотди. Хитой томони «бирлашмаслик ва мустақиллик эълон қилмаслик» позицияси илгари сурилгани сабабли Манинг нутқларида сепаратизм аломатларини кўрди. Тайпейда эса унинг «Ягона Хитой» тамойилини тилга олиши миллий манфаатларга хиёнат сифатида баҳоланди.
Сай Йингвеннинг АҚШга сафари томонлар урушга тайёрланаётганини англатадими?
Йўқ, жанговар риторикага қарамай, Пекин, Тайпей ва Вашингтон воқеаларнинг бундай сценарийда ривожланишини хоҳлаши даргумон. Хитой ҳукумати исёнкор орол билан тинч йўл орқали бирлашиш сиёсатига содиқлигини бир неча бор эълон қилган. Ушбу сиёсат Тайван билан маданий алмашинув ва иқтисодий алоқаларни кенгайтиришни назарда тутади, бу оролга «Бир давлат, икки тизим» концепциясининг афзалликларини намойиш этади.
Тайван учун кенг автономияни сақлаб қолишни назарда тутувчи ҳонгконгча бирлашиш моделини амалга ошириш Си Жинпинг ва Хитой партияси раҳбарлари назарида муқобили йўқ режа. Агар орол АҚШ кўмагида ўз мустақиллигини эълон қилишга уринса, Пекинда куч ишлатиш сценарийси охирги чора сифатида кўриб чиқилади.
АҚШ раҳбарияти Тайван масаласида узоқ йиллардан бери «стратегик ноаниқлик» сиёсатига амал қилиб келади. Оқ уй орол мустақиллигини тан олмайди, бироқ Хитой расмийларини Тайван бўғозидаги статус-квони куч билан ўзгартирмасликка чақиради. Гарчи бу Пекиннинг ғазабига сабаб бўлса-да, АҚШ ҳозирги ҳолатни сақлаб қолиш учун Тайванга мудофаа қобилиятини оширишга ёрдам беряпти. Шунингдек, АҚШ маъмурияти агар орол ҳужумга учраса, Тайванга қўшин юборишга ваъда бермоқда.
Тайван учун статус-квонинг сақланиб қолиши — сиёсатчилар ва жамият томонидан энг кўп маъқулланадиган келажак сценарийсидир. Орол етакчиси Сай Йингвен Тайванни амалда суверен давлат деб атайди ва ҳозирги моделни сақлаб қолишни оролликлар манфаатларига энг мос келадиган тамойил деб билади. Унинг фикрини ҳукмрон Демократик тараққиёт партиясидаги ҳамкасблари ҳам маъқуллайди. Бу партия келажакдаги мустақиллик тарафдори, улар Пекин билан тинч-тотув яшаш орқали Тайван мустақиллигини ҳимоя қилишни мақсад қилган. Асосий мухолиф куч — Гоминдан партияси эса Хитой ва АҚШ ўртасидаги мувозанатни сақлашни ёқлайди.
Умуман олганда, оролнинг келажаги ҳақидаги ноаниқ позиция маҳаллий аҳолининг кайфиятини ҳам акс эттиради. Март ойида ўтказилган ижтимоий сўровнома шуни кўрсатдики, тайванликларнинг 88 фоизидан ортиғи мавжуд тартибни сақлаш тарафдори.
Демак Тайвандагилар урушни хоҳламайдими?
Ҳа, Тайван раҳбарларининг хорижий сафарлари ва Тайван бўғозида Хитой машғулотлари бошланишидан илгари ҳам қарама-қаршиликнинг олдини олиш борасида музокаралар бошланганди. Кескинлик шароитида Тайваннинг қайси томонга қўшилиши ҳал қилувчи савол бўлиб қолмоқда — АҚШ ёки Хитой. Ва бу ерда оролликларнинг позицияси иккитарафлама.
2022 йил 21 сентябр куни ўтказилган ижтимоий сўровнома шуни кўрсатдики, тайванликларнинг деярли 77 фоизи Пекин билан нормал мулоқотни тиклаш тарафдори. Шу билан бирга, амалдаги ҳукуматнинг Вашингтон билан яқинлашишга йўналтирилган сиёсатини орол аҳолисининг 60 фоиздан кўпроғи қўллаб-қувватлайди.
Сўнгги икки йилдан бери Тайван Ғарб оммавий ахборот воситаларида кўпинча «Ер сайёрасидаги энг хавфли жой» деб таърифланади. Тайванликларнинг ўзлари эса Ненси Пелосининг 2022 йилдаги ташрифи пайтида ҳам ваҳимага берилмаган ва ҳозир ҳам хотиржам.
Бироқ, маҳаллий аҳолида хавотирли кайфият умуман йўқ деб айтиш қийин. 19 март куни тўрт нафар тайванлик профессорлар гуруҳи Тайпейда «Тайваннинг урушга қарши баёноти бўйича ишчи гуруҳи» ташкил этилганини эълон қилди. Гуруҳ орол маъмурияти ва дунё олдига тўртта талабни илгари сурди, жумладан, Украина бўйича тинчлик музокараларини бошлаш, АҚШ милитаризмига қарши чиқиш, Тайпейнинг ижтимоий харажатларини ошириш ва орол мустақиллигини сақлаб қолган ҳолда Тайван бўғозида ҳарбий можаронинг олдини олиш. Олимларнинг тинчликсевар таклифлари маргинал бўлиб чиқди — улар Хитойга мойиллиги ва асоссиз ҳукмлари учун қораланди.
Қандай омил урушнинг бошланишига ёки аксинча, кескинликни йўқолишига олиб келиши мумкин?
Яқин келажакда Тайван муаммосининг ривожланишига учта асосий омил таъсир қилади.
Биринчиси, 2024 йил 13 январда бўлиб ўтадиган орол маъмурияти етакчилиги учун сайлов натижалари. Агар сайловда, келажакда орол мустақиллигига эришишни мақсад қилган ҳукмрон Демократик тараққиёт партияси (ДТП) номзоди ғалаба қозонса, Пекин ниҳоят тинч йўл билан бирлашиш сценарийсига ишончини йўқотиши мумкин. Ҳозирда мухолифатда бўлган Гоминдан партиясининг ғалабаси эса статус-квони сақлаб қолиш учун чекланган музокаралар бошлаш имкониятини беради.
Сай Йингвеннинг АҚШга ташрифи ва Ма Йингжунинг Хитой бўйлаб сафари сайловолди тартибига ноаниқлик келтирди: улар ўзларининг асосий электоратини сафарбар қилди, аммо иккиланаётган сайловчиларни шубҳа остига қўйди. Ҳозирча прогнозлар шуни кўрсатадики, Гоминдандан кучли, ягона номзод бўлмаса, сайлов пойгаси ғолиби ДТП вакили, амалдаги вице-президент Лай Синде бўлади.
Иккинчи асосий омил — АҚШ-Хитой муносабатларининг динамикаси. Технологик ва иқтисодий соҳаларда қарама-қаршилик кучайиб бораётган бир пайтда, шусиз ҳам мураккаб бўлган сиёсий муносабатлар ҳам ёмонлашмоқда. Тайванга қурол етказиб бериш, америкалик амалдорларнинг оролдаги ҳамкасблари билан учрашувлари ва бошқа иттифоқчилик ҳаракатлари Пекин томонидан тез-тез ғазаб билан қабул қилинади. Пекин ва Вашингтоннинг янги ўйин қоидаларини ишлаб чиқишга тайёрлиги ёки тайёр эмаслиги бўғоздаги вазиятни барқарорлаштириши ёки аксинча, янада оғирлаштириши мумкин.
Кўп нарса Хитой ичидаги вазиятга ҳам боғлиқ бўлади. Бугунги кунда Хитой Халқ озодлик армияси ҳамон бўғоз билан ажралган Тайванни эгаллаш бўйича операцияни амалга ошириш учун етарли имкониятларга эга эмас. Бироқ, Пекиндаги ҳокимиятнинг Тайван устидан назоратни қўлга киритиш истаги вақт ўтиши билан йўқолмайди. Шахсан Си Жинпинг учун орол устидан суверенитетга эга бўлиш унинг ҳукмронлигини абадийлаштириши мумкин бўлган ҳодисалардан биридир. Тайвандаги кескинлик Хитойнинг амалдаги раҳбарига ижтимоий-иқтисодий вазият ёмонлашган ва бошқа беқарорлик ҳолатларида керак бўлиб қолиши мумкин.
Бироқ, яқин бир неча йил ичида Тайван учун уруш бўлишини кутиш нотўғри. 2025 ёки 2027 йилларда юз бериши айтилаётган ҳарбий кескинлик ҳақидаги башоратларга қарамай, Пекин, Тайпей ва Вашингтон ўртасидаги муносабатларнинг ҳозирги конфигурацияси ўзгаришсиз қолади. Ушбу конфигурацияда Пекин расмийлари орол ва унинг иттифоқчиларига босим ўтказишда давом этади, ХХР ҳарбий-саноат комплекси ютуқларини фаолроқ намойиш қилади ва уларни 10-15 йил ичида фойдаланишга тайёрлайди.
Мавзуга оид
21:00 / 21.11.2024
АҚШ–Хитой зиддияти ва Тайван омили: Трампдан нима кутиш мумкин?
19:13 / 21.11.2024
Хитойда 83 млрд долларлик олтин захираси топилди
21:37 / 20.11.2024
«Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон» темирйўли бўйича музокаралар якуний босқичда – ОАВ
23:34 / 19.11.2024