Жамият | 17:51 / 25.04.2023
18685
3 дақиқада ўқилади

Икки эл бирдамлиги рамзи: Ўш шаҳрида “Бобур” номли ўзбек акамедик драма театри очилди

Очилиш маросимида Ўзбекистон томонидан жамоатчилик фаоллари, санъаткорлар ҳамда ҳукумат вакиллари иштирок этди.

Нафақат пойтахт Тошкентдан маданият ва санъат вакиллари, балки Фарғона водийси вилоятлари театрлари жамоалари ҳамда ОАВ ходимларидан иборат катта делегация “Дўстлик” ўтказиш пунктида катта тантана билан кутиб олинди. Дастлаб Ўш шаҳри, “Сулаймон тоо” комплекси ва маҳаллий музейлар билан танишув бўлиб ўтди.

Шундан сўнг ҳар икки томон вакиллари театрнинг янги биноси ҳовлисига йиғилдилар. Юз йилдан ортиқ тарихга эга бўлган мазкур театр узоқ йиллар таъмирталаб аҳволда бўлган. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси ва зарур ёрдамни бериши туфайли театр тўлиқ реконструкция қилинди ва томошабинларга тақдим этилди.

Очилиш маросимида иштирок этган Маданият ва туризм вазири Озодбек Назарбеков ўз нутқида шундай деди:

– Бу театрда улуғ санъат дарғалари фаолият юритишган, репертуари ҳам жуда бой. Мен ўзим санъаткор сифатида камида беш марта бу театр бағрида концерт берганман. Театрнинг қайта очилиш маросимини мамлакатимиз олдида турган катта тадбир – референдумдан кейин, май ойларида ўтказишни режалаштиргандик. Аммо давлатимиз раҳбари айнан ҳайит байрами кунларида бу даргоҳ Қирғизистон элига, ўшлик қадрдонларимизга ўзига хос туҳфа бўлиши зарурлигини тайинладилар. Шу боис бугун гўзал тантанада йиғилиб турибмиз. Истагимиз, бу маданият маскани яна асрлар давомида шу икки қардош халққа хизмат қилсин.

Ўзбек миллий академик драма театри раҳбари Ёдгор Саъдиев сўзга чиқаркан келгусидаги ҳамкорлик ҳақида тўхталиб ўтди:

– Бу театр аянчли шароитда ишлаб турган пайтлари келиб, юрагимиз эзилиб дуолар қилганмиз, ёруғ кунлар келишига ишонганмиз. Бугун яратганнинг ўзи шу кунларга етказди. Энди биз бу театр жамоасини тинч қўймаймиз, доимий ҳамкорлик ўрнатамиз. Булар бизга боришади, биз тез-тез келиб турамиз ва ижодимиздан мухлисларни баҳраманд қиламиз. Бир сўз билан айтганда Ўшдаги “Бобур” номли акамедик драма театри Тошкентдаги миллий академик драма театрининг укаси дейиш мумкин.  

Тадбирда иштирок этган Kun.uz мухбирининг хабар беришича, концерт дастурлари, табриклар ҳамда театрнинг рамзий очилиш маросимидан сўнг Ўзбекистон ва Қирғизистон театр актёрларининг ҳамкорликда тайёрланган, Заҳириддан Муҳаммад Бобур ҳаёти ва ижодига бағишланган “Aйролик” спектакли намойиши бўлиб ўтди.

Мавзуга оид