Жамият | 11:57 / 30.07.2025
5013
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон давлат академик катта театрига янги директор тайинланди

Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон давлат академик катта театри директори Рамиз Усмонов бошқа ишга ўтиши муносабати билан ишдан олинди. 

Фото: Маданият вазирлиги

Жорий йилнинг 29 июл куни Ўзбекистон маданият вазири Озодбек Назарбеков бошчилигида навбатдан ташқари йиғилиш бўлиб ўтди

Унда ташкилий масала кўрилди. Йиғилиш давомида Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон давлат академик катта театри директори, Ўзбекистон халқ артисти Рамиз Усмоновнинг бошқа ишга ўтиши муносабати билан маданият вазирининг тегишли буйруғига асосан, театр директори лавозимига тайинланган Алибек Кабдураҳмонов жамоага таништирилди.

Вазир Озодбек Назарбеков лавозимга тайинланган Алибек Кабдураҳмоновнинг фаолиятига муваффақият тилаб, ўз билим ва иқтидорини соҳа ривожи учун сафарбар этишига ишонч билдирди.

Рамиз Усмонов бу лавозимда 2021 йил октябрдан бери фаолият юритиб келганди.

Алибек Кабдураҳмонов 1984 йилда Тошкент шаҳрида туғилган. Ўзбекистон Давлат консерваториясини «Зарбли чолғу асбоблари» мутахассислиги бўйича тамомлаган.

2005 йилдан Ўзбекистон Давлат консерваторияси қошидаги мусиқали театр-студия оркестри артисти. 2007 йилдан Ўзбекистон Миллий симфоник оркестри зарбли чолғу асбоблари гуруҳининг концертмейстери сифатида фаолият олиб борган. У «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист» унвони соҳиби.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид