Жаҳон | 21:34 / 25.04.2023
44952
2 дақиқада ўқилади

Туркманистонда Қорақум каналидан 100 млн куб метр сув қумга сизиб кетди 

Қишда муз тиқилиб қолиши оқибатида каналда ёриқ пайдо бўлган. 

Фото: hronikatm.com

2023 йил январь-февраль ойларида Туркманистондаги Қорақум каналининг ёрилиши туфайли камида 100 миллион куб метр сув қумга сизиб кетган. Сунъий йўлдош тасвирларини ўрганган «Метеожурнал» шундай хулосага келди. 

Қишда ғайритабиий совуқ об-ҳаво шароити туфайли Қорақум канали музлаб қолган. Сўнгра унинг иккита жойида муз тиқилиши юз берган. 17-20 январь оралиғида канал ёрилган. Журналистлар ҳисоб-китобига кўра, 20 кун давомида 100 миллион куб метр сув қумга сингиб кетган. 

Фото: meteojurnal.ru
Фото: meteojurnal.ru

Тадқиқотчиларнинг фикрига кўра, агар ҳодиса ёзнинг жазирамасида юз берганида зиён бундан ҳам катта бўлар эди. 

Туркманистон ҳукумати ёриқни тўсиш учун 11 февралда дамбани қуриб битказган. 

Мамлакатда каналдаги ҳодиса расмий равишда эълон қилинмаган. Фақат 23 январь куни бўлиб ўтган ҳукумат йиғилишида президент Сердар Бердимуҳамедов Марв ва Лебоп вилоятлари ҳокимларига дарёларда нормал сув оқимини таъминлаш бўйича кўрсатма берган. 

Қорақум канали Амударёдан сув олади ва самарадорлиги одатда паст деб баҳоланади. Афғонистонда қурилиши режалаштирилган Қўштепа канали муҳокама қилинаётганда у салбий мисол сифатида келтирилади. Қайд этилишича, Қорақум каналида бўлгани каби, сувнинг катта қисми қумли тупроққа сингиб кетиши мумкин. Агар Қўштепа канали қурилса, Туркманистон ва Ўзбекистон Амурдарё сувининг 15 фоизидан маҳрум бўлиши мумкин. 

Мавзуга оид