Жаҳон | 20:18 / 25.04.2023
17475
9 дақиқада ўқилади

«Вагнер»нинг Судандаги излари. У қайси томонни қўллайди?

Россиянинг «Вагнер» хусусий ҳарбий компанияси айни вақтда Суданда ўзининг ёлланма жангчилари йўқлигига ишонтирмоқда. Аммо кўплаб манбалар тасдиқлашича, «Вагнер» у ерда манфаатлар ва алоқаларга эга – урушаётган томонларнинг иккиси билан ҳам.

Фото: BBC Russian

«Вагнер» ХҲК асосчиси Евгений Пригожин икки йилдан буён Суданда компаниянинг бирорта жангчиси йўқлигини маълум қилган.

Аммо улар бу ерда бўлишган, Евроиттифоқ ва АҚШ Суданда ишлаган ва уларнинг маълумотларига кўра, Пригожин ҳамда «Вагнер» ХҲК билан алоқадор бўлган фирмаларга қарши санкциялар қўллаган.

Олтин орқали келишув

2017 йилда Суданнинг ўша вақтдаги президенти, Халқаро жиноий суд томонидан Дарфурдаги аҳоли геноцидида айбанган Умар Башир Москвага келган ва бу ерда Россия ҳукумати билан бир қанча келишувлар имзолаганди.

Бу келишувлар қаторида Қизил денгиз соҳилидаги Порт-Судан шаҳрида Россиянинг ҳарбий-денгиз базасини қуриш, шунингдек Россиянинг «М Инвест» фирмаси ва Судан минераллар вазирлиги ўртасида олтин қазиб олиш концессиялари бўйича келишувлар ҳам бор эди.

Судан олтин қазиб олиш бўйича Африкада учинчи ўринда турадиган мамлакат ҳисобланади.

АҚШ молия вазирлиги «М Инвест» фирмаси ва унинг шуъба корхонаси бўлган Meroe Gold фирмасидан «Вагнер» ХҲКнинг Судандаги фаолиятини ниқоблашда фойдаланилишини айтади.

2019 йил апрелида Умар Баширга қарши намойишлар. Судан бўйича экспертларга кўра, вагнерчилар аввалига намойишларни бостиришда Баширга ёрдам бермоқчи бўлган. Кейин эса Баширни ағдарган генерални қўллаган. Фото: AFP

«Евгений Пригожин ва унинг тармоғи Суданнинг табиий ресурсларидан шахсий манфаатлари йўлида фойдаланади ва ўзининг зарарли таъсирини бутун сайёрага тарқатади», деганди 2020 йилда АҚШнинг ўша вақтдаги молия вазири Стивен Мнучин.

АҚШ «М Инвест»га ҳам, Meroe Gold’га ҳам санкциялар киритган.

CNN телекомпанияси ўтказган суриштирувда Судан олтинлари «Вагнер» ХҲК фаолият юритадиган Марказий Африка Республикаси ҳудудига олиб ўтилиши ва бу экспорт Судан расмий статистикасида акс этмаслиги аниқланган.

Бундан ташқари, Британиядаги Daily Telegraph нашрининг 2022 йилда чиққан мақоласида айтилишича, олтинларнинг катта қисми ҳарбий аэродромлар орқали яширинча олиб чиқилади.

«Вагнер» ХҲК Суданда яна нималар билан машғул?

2017 йилдан бошлаб Россия ва хориждаги манбалар бир неча бор «Вагнер» ёлланма жангчилари Судандалиги акс этган фото ва видеоларни намойиш этган. Бу манбаларга кўра, ушбу жангчилар бу ерда суданлик ҳарбийларни ўқитиш ва оммавий намойишларни бостиришда ёрдам бериш билан шуғулланишади.

«Вагнер» бўлинмаларидан бирининг командири ва суданлик ҳарбийлар, 2019 йил

2021 йилда «Вагнер» ХҲК билан алоқадор ҳисобланган Grey Zone телеграм-канали компаниянинг «асосий жанговар тузилмаларидан бирининг» шахси очиқланмаган командири икки йил олдин суданлик ҳарбийларга эсдалик нишонлари тақдим этиши акс этган фотосуратни эълон қилганди.

Июл ойида эса шу каналда суданлик аскарлар вагнерчи ҳарбий раҳбарлигида вертолётдан парашют орқали сакраши акс этган видеони намойиш этганди.

«Вагнер» Суданда қанчалик кучли таъсирга эга?

АҚШ молия вазирлиги ҳисоблашича, «Вагнер» ХҲК Суданда «ҳарбийлашган амалиётлар ўтказиш, авторитар режимни сақлаб қолишга ёрдам бериш ва табиий ресурсларни эксплуатация қилиш» билан банд бўлади.

«Аввалига, 2018 йилда уларнинг бу ерда 100 нафар атрофида одами бўлган, бу одамлар суданлик ҳарбийларни ўқитишган ва шундан алоқалар ривожлана бошлаган», деган Мудофаа тадқиқотлари бўйича бирлашган қироллик институти (RUSI) вакили, доктор Жоана де Деуш Перейра.

Судан матбуоти маълумотига кўра, кейинроқ вагнерчилар сони 500 нафаргача етган. Уларнинг аксари мамлакат жануби-ғарбида, Марказий Африка Республикаси билан чегарадаги Ум Дафук қишлоғида жойлашган.

2019 йилда, Суданда президент Умар Баширга қарши оммавий норозилик намойишлари авж олганида, Sudan Tribune газетаси «рус жангчилари» Судан махсус хизматлари билан бу намойишларни четдан кузатиб тургани ҳақида ёзган. Судан ҳукумати буни рад этган.

Россияликларнинг Африкадаги фаолиятига бағишланган китоблар муаллифи Самуэл Раманининг маълумотига кўра, «Вагнер» ХҲК президент Баширни қўллаган ҳолда ташвиқот кампанияси олиб борган.

«Пригожин намойишчиларни Исроил тарафдори ва ислом динига қарши кучлар сифатида айблашни таклиф қилганди», дейди доктор Рамани.

Унинг сўзларига кўра, бу Баширнинг махсус хизматлари билан келишмовчилик келтириб чиқарган ва «Вагнер» ХҲК кейинроқ Баширни ағдарган генерал Абдулфаттоҳ ал-Бурхонни қўллашга қарор қилган.

«Россия ТИВ давлат тўнтаришига қарши эди, Пригожин ва «Вагнер» ХҲК эса ал-Бурхон ҳокимиятга келишини олқишлади», деган доктор Рамани.

Кейин, 2021-2022 йилларда «Вагнер», Раманининг сўзларига кўра, айни вақтда мунтазам армия ва генерал ал-Бурхонга қарши кураш олиб бораётган Тезкор реакция кучлари билан алоқаларни мустаҳкамлаган. Гап шундаки, Пригожин Тезкор реакция кучлари қўмондони, генерал Муҳаммад Ҳамдон Дагало (Хемети номи билан ҳам машҳур) эгалик қиладиган олтин конларига қизиқиб қолган.

Ўтган йили Дагало Москвага ташриф буюрган - ўзининг айтишича, бу ташрифдан мақсад Судан-Россия муносабатларини мустаҳкамлашдан иборат бўлган.

Бироқ, ҳозирги можарода, Судан бўйича эксперт, Confluence Advisory таҳлил маркази вакили Холуд Хаиранинг фикрича, «Вагнер» томонларнинг бирини бошқасига қарши қўллаб-қувватламайди.

«Вагнер» генерал ал-Бурхоннинг бизнеси билан ҳам, жаноб Хеметининг бизнеси билан ҳам тур хилдаги ва миқёсдаги алоқаларга эга», дейди у.

Хартумда Судан армияси ва RSF кучлари ўртасидаги жанглар вақтида вайрон бўлган уй. 2023 йил 17 апрел
Reuters / Scanpix / LETA

«Вагнер» исёнчиларга ракеталар етказиб берган

«Вагнер» ХҲК Судан Тезкор реакция кучларига (RSF) мамлакат мунтазам армиясига қарши туришда ёрдам бериш учун ракеталар етказиб берган. Бу ҳақда CNN минтақадаги дипломатик манбаларига асосланиб хабар тарқатди. Бу маълумотни сунъий йўлдош тасвирлари ҳам тасдиқлайди, уларда «вагнерчилар»нинг Ливиянинг Судан билан чегараси яқинидаги (генерал Халифа Ҳафтар армияси назорат қиладиган ҳудуд) базаларда кузатилган фаоллик акс этган. RSF ва армия ўртасида тўқнашувлар 15 апрел куни бошланганди ва ҳамон давом этмоқда, юзлаб кишилар ҳалок бўлган.

CNN журналистлари All Eyes on Wagner лойиҳаси билан биргаликда сунъий йўлдош тасвирларини таҳлил қилишган, уларда Россиянинг Ил-76 русумли транспорт самолёти Ливиянинг Ҳафтар томонидан назорат қилинадиган ва «Вагнер» томонидан фойдаланиладиган икки базаси ўртасида ҳаракатланиши акс этган.

Судандаги тўқнашувлар бошланишидан икки кун олдин самолёт кунига икки мартадан парвоз қила бошлаган ва бу камида 19 апрелга қадар давом этган. 13 апрел куни самолёт «Ҳадим» авиабазасидан Суриянинг Россия авиабазаси жойлашган Латақия шаҳрига учган. Кейинги куни у «Ҳадим»га қайтган, аммо бир кун ўтиб Ҳафтарнинг Жуфра шаҳридаги бошқа бир базасига учиб борган. Бу база Судандаги можаро бошланган куни у «иҳоталанган жой»да эди.

18 апрел куни самолёт Латақияга қайтган, шундан кейин яна Ҳадим ва Жуфрага парвозлар амалга оширган. «Судандаги ва минтақадаги манбаларга кўра, шу куни Россия Судан шимоли-ғарбидаги айирмачилар етакчисига [RSF етакчиси Муҳаммад Ҳамдон Дагало] „ер-ҳаво“ типидаги ракеталарни берган», дейилади CNN мақоласида.

RSF’дагилар Россия ва Ливиядан ёрдам олинганини рад этган. Ҳафтар ҳам, Евгений Пригожин ҳам CNN сўровига жавоб бермаган.

«Вагнер» Африканинг бошқа мамлакатларида

«Вагнер» ХҲК бир неча йилдан буён Марказий Африка Республикасида фаолият юритади, матбуотдаги кўплаб хабарларга кўра, унинг ёлланма жангчилари ушбу мамлакатда, шунингдек, қўшни Ливия ва Малида ҳам олмос конларини қўриқлаш билан шуғулланади.

2021 йилда BBC «Вагнер» жангчиси йўқотиб қўйган гаджетни ўрганиб чиққан ҳолда, шунингдек Ливиядаги ҳарбийлар ва тинч аҳоли вакиллари билан гаплашиб, «Вагнер» ХҲК ушбу мамлакатдаги фуқаролик урушида иштирок этганини аниқлаганди.

Малидаги ҳарбий хунта эса жангариларга қарши курашиш учун норасмий равишда «Вагнер» ХҲК кучларини ёллаган.

Human Rights Watch халқаро ташкилотининг инсон ҳуқуқлари бўйича фаоллари «Вагнер» ёлланма жангчиларини Малида ҳам, Марказий Африка Республикасида ҳам қийноқлар ва қотилликлар содир этишда айблаган.

Мавзуга оид