Жаҳон | 08:51 / 25.04.2023
4883
2 дақиқада ўқилади

ЕИнинг мингдан ортиқ фуқароси Судандан эвакуация қилинди

Европа дипломатияси раҳбари Жозеп Боррел можарони ҳал қилишга чақириб, Суданнинг қулаши “Африка бўйлаб зарба тўлқинларини юбориши” ҳақида огоҳлантирди.

Фото: Reuters

Европа Иттифоқи давлатлари қуролли тўқнашув авж олган Судандан ўз фуқароларини эвакуация қилишда давом этмоқда. Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Жозеп Боррелнинг 24 апрел, душанба куни маълум қилишича, “узоқ ва кескин дам олиш кунлари” вақтида 1000 дан ортиқ Европа Иттифоқи фуқаролари Африка мамлакатидан олиб чиқиб кетилган.

Боррел эвакуация қилинганларнинг аниқ сонини айтмади, бироқ улар орасида Суданда ишлаган ЕИнинг 21 нафар вакили борлигини таъкидлади. У Люксембургда Европа Иттифоқи ташқи ишлар вазирлари йиғилиши олдидан журналистларга берган интервюсида: "Бу муваффақиятли, аммо қийин операция бўлди", деди.

Европа дипломатияси раҳбари давлатларга нафақат ўз фуқароларини, балки олиб чиқиб кетишлари мумкин бўлган барча одамларни ҳам эвакуация қилгани учун миннатдорчилик билдирди. У, шунингдек, можарони сиёсий йўл билан ҳал қилишга чақирди. "Биз Суданнинг парчаланишига йўл қўя олмаймиз, чунки бу бутун Африкани ларзага солади", деб огоҳлантирди Боррел.

15 апрелдан бери Суданда Абдул Фаттоҳ ал-Бурхон бошчилигидаги мунтазам армия ва Муҳаммад Ҳамдан Дагало бошчилигидаги Тезкор ҳаракат кучлари ўртасидаги зиддият кескин авж олди. Жанглар оқибатида аллақачон юзлаб одамлар ҳалок бўлди, минглаб фуқаролар яраланди.

Мавзуга оид