Кулгили ва ноқулай — авиакомпаниянинг оғир кунига яраган уч ғилдиракли Messerschmitt автомобили тарихи
Автомобил саноати ўзининг бир ярим асрлик тарихида кўплаб ноодатий машиналарни оммага тақдим этган. Улар қаторида яқинда ҳикоя қилганимиз, Phantom Corsair ҳам бор. Бугунги ҳикоя эса у ҳақида эмас. Балки, ўзининг кичиклиги, хунуклиги ва ўта ноқулайлиги билан тарихда қолган Messerschmitt Kabinenroller ҳақида гаплашамиз. Кўрганда одамнинг юзида кулги уйғотадиган ушбу автомобил номини биринчи мартада тўғри айтишнинг ўзи мушкул. Бир мартада тўғри ўқий олмадингизми? Демак, сиз ёлғиз эмассиз.
Messerschmitt Kabinenroller немис автомобилсозлигининг урушдан кейинги энг оригинал ихтироларидан бири бўлган, уни катта даромадга эга бўлмаган харидорлар учун яратишган. Ушбу транспорт воситасини машина ва мотоцикл ўртасида кесишган деб таърифлаш ҳам мумкин.
У ўзининг ташқи кўриниши билан самолёт олд қисмини эслатиб юборади. Бироқ бу унинг самолёт билан ягона ўхшашлиги эмас. Боиси машинада ҳам айрим самолётларда бўлгани каби эшик йўқ эди. Машинага шаффоф ойна орқали ўтириб олиш мумкин эди, холос.
Ўзи Messerschmitt’ни тўлиқ маънода автомобил деб ҳам атаб бўлмайди. Одамлар унга микрокар, аниқроғи ўриндиқларга эга мотороллер (кабиненроллер) сифатида қараган. Бу машиналар узоқ вақт давомида ишлаб чиқарилмаган, бироқ номидаги иккинчи қисмни шу қисқа вақт ичида 3 марта ўзгартиришга улгурган. Фақатгина Messerschmitt номи ўзгаришсиз қолаверган. Қайд этиш керак, бу номнинг авиаконструктор Вилли Мессершмиттга ҳеч қандай алоқаси йўқ.
Ишлаб чиқариш бошланиши
1946 йилдан бошлаб уч оёқли ушбу “махлуқ”лар ҳикояси бошланган. Урушдан кейин ногиронга айланганлар сони Германияда ҳам кам эмасди. Розенҳаймлик муҳандис Фриц Фенд уларга ёрдам беришни ният қилади. Фенд уни дастлаб оёқ ёки қўл билан бошқариладиган одатий ногиронлик арачаси кўринишида ясайди. Ихтирочи 1948 йилга келиб, унга ўзгартиришлар киритади: кичик мотоцикл двигателини ўрнатади. Унинг қуввати атиги 3 от кучига эга бўлган, бироқ бу ногиронлик аравачаси учун етарли эди.
Фенднинг ихтиросида атиги 3 та ғилдирак бўлиб, ортки биттаси ҳаракатлантирувчи эди. Унинг оғирлиги 175 кг бўлган, ғилдираклар велосипедники эди. Кузов эса бир кишилик ва усти очиқ эди. Фриц Фенд ихтиросини жуда тез фурсатларда ишлаб чиқаришга қўяди. У дизайнидан келиб чиқиб, 800—1300 марка атрофида харидорларга таклиф этилган. Бу ногиронлиги бор шахслар учун ҳам ўша вақтда катта маблағ эди. Бироқ сотув том маънода учишни бошлайди.
1950 йилга келиб Фенд моделлар қаторини янгилашга қарор қилади. Ўриндиқлар сони 2 тага етади ва улар кетма-кетликда жойлаштирилади. Энди унинг томи ҳам бўлиб, у шаффоф ойнадан эди. Транспорт воситасининг атиги битта — олдни ёритиш чироқлари бўлган. Рули эса бир вақтнинг ўзида велосипед рули ва самолётнинг штурвалига ўхшаб кетарди. Янги модел 2000 маркага баҳоланган бўлса ҳам, ўз харидорларини топган.
Фенд 250 та шундай моделни ишлаб чиқарганидан сўнг яна ўзгаришга қўл уради. Ва ниҳоят бу сафар биринчи ҳақиқий “кабиненроллер”ни яратади. Анъанага кўра, янги модел ҳам уч ғилдиракли эди. Бироқ унга бирмунча кучлироқ двигател — Fichtel & Sachs компаниясининг 9 от кучига эга мотори ўрнатилади. Шу билан бирга модел аввалгиларидан енгилроқ бўлади — 150 кг. Уни хоҳишга қараб соатига 80 км тезликка чиқариш имконияти бор эди.
Катта ном
Фриц Фенднинг бизнеси гуллаб-яшнаётган бир вақтда авиация гиганти — “Мессершмитт” компанияси банкротликдан жон сақлаш учун курашаётганди. Боиси компанияга авиация билан боғлиқ исталган маҳсулотни ишлаб чиқариш тақиқи қўйилади. Компания раҳбарияти эса жон сақлаб қолиш учун исталган нарсани ишлаб чиқаришга тайёр эди. Шунда Фенд ва компания топишади. Бироқ уларни ким ва қачон учраштиргани ҳақида ҳеч қандай маълумот йўқ. Факт шуки, 1953 йилга келиб уч ғилдиракли автомобиллар Бавария шаҳрида жойлашган Регенцбург машинасозлик заводида ишлаб чиқарила бошлайди. Бу завод эса “Мессершмитт” компаниясига алоқадор эди.
Худди шу йили Женевадаги автокўргазмада уч ғилдиракли автомобил Messerschmitt KR-175 (тўлиқ номи Messerschmitt Kabinenroller) номи билан тақдим этилади. Номдаги рақамлар двигателнинг ҳажмини билдирарди. Экспертлар машинани яхши кутиб олади.
1955 йилга келиб янги модел — KR-200 чиқади. Ундаги двигател 9,7 от кучини берарди. Модел янгиланиши ортидан унинг вазни 240 килограммга етган. Ўз синфи учун ақл бовар қилмас тезликни қайд эта олган — соатига 100 км. Юз километр масофа учун 3-3,5 литр бензин сарф қилган.
Регенцбургдаги заводда реклама мақсадларида ҳатто Messerschmitt’нинг спорт версиясини ҳам йиғишади. У синовларда соатига 140 км тезликни кўрсатади. Бироқ рекламаларсиз ҳам ушбу моделга талаб юқори бўлиб кетади. 1955–1956 йилларда завод кунига 50 та уч ғилдиракли “тулпорлар”ни чиқаради.
Германияда яхши сотилиб турган машиналар чет элга ҳам экспорт қилинади. Бироқ ҳаммаси 1956 йилда барибир якунига етади. Боиси “Мессершмитт” компаниясига самолёт ишлаб чиқаришга рухсат берилади. Шундан сўнг компаниянинг оғир дамларида жон сақлашига яраган машиналарни ишлаб чиқаришдан воз кечилади.
Мавзуга оид
20:26 / 12.11.2024
Германия бундестагида муддатидан олдин ўтказиладиган сайловлар санаси маълум бўлди
07:50 / 12.11.2024
Германияда Украинага ҳарбий ёрдам кўрсатиш ғоясини қўллаб-қувватлаш пасаймоқда
07:31 / 12.11.2024
Октябрда айрим автомобиллар нархи бироз пасайди
20:57 / 11.11.2024