Жаҳон | 22:15 / 27.04.2023
9027
3 дақиқада ўқилади

PACE украиналик болаларнинг Россияга депортациясини геноцид деб тан олди  

Шунингдек, Владимир Путинни ҳибсга олиш ҳақидаги Халқаро жиноят судининг ордерини тан олди.  

Фото: Mikhail Voskresenskiy/SNA/IMAGO

Европа Кенгаши Парламент Ассамблеяси (PACE) Россия президенти Владимир Путиннинг ҳибсга олиниши ҳақидаги Халқаро жиноят судининг ордерини расман тан олди. 

Бу ҳақда Украина халқ депутати Алексий Гончаренко хабар берди. Унинг сўзларига кўра, PACE украиналик болалар ва катталарни Россияга мажбуран депортация қилиш бўйича ўта муҳим резолюцияни қабул қилган. 

«Резолюция бўйича муҳим маълумотлар: Россия ҳаракатларига нисбатан биринчи марта «геноцид» атамаси қўлланди. Халқаро ҳуқуқ меъёрларига кўра, мажбурий депортация — геноцид белгиси ҳисобланади. Шунинг учун барча ҳолатлар текширилиши ва бунга алоқадорлар жавобгарликка тортилиши керак», деди Гончаренко. 

Шунингдек, Парламент ассамблеяси Халқаро жиноят судининг Россия президенти Владимир Путин ва Россиянинг болалар ҳуқуқлари бўйича комиссари Мария Львова-Беловани ҳибсга олиш ҳақидаги ордерини олқишлади.

«Бу энг муҳим қарорлардан бири. PACE аъзоларининг ҳаммаси ҳам Рим статутини ратификация қилган эмас. Бу резолюциянинг қабул қилиниши эса Владимир Путинни ҳарбий жиноятларда расман гумонланувчи деб ҳисобловчи давлатлар сафини кенгайтиради. Путин – қидирувдаги ҳарбий жиноятчи. Буни PACE ҳам тасдиқлади», деб таъкидлади Гончаренко. 

19 январь куни Европарламент Россия олий раҳбарияти, хусусан, Путин учун украиналикларга қарши жиноятлар ва тажовузлар сабабли трибунал тузиш тўғрисидаги резолюцияни маъқуллади. Қарорда, шунингдек, Беларус президенти Александр Лукашенко ва ушбу давлат раҳбариятини ҳам Россияга кўмак берувчи сифатида жавобгарликка тортиш ҳақида сўз боради. 

26 январь куни Европа Кенгаши Парламент Ассамблеяси Россия ва Беларус олий сиёсий ва ҳарбий раҳбариятини Украинага қарши босқинчилик жиноятини содир этганлиги учун жавобгарликка тортиш мақсадида махсус трибунал ташкил этиш тўғрисидаги резолюцияни қўллаб-қувватлади. Трибунал ўтказиладиган жой Ҳаага бўлиши таклиф қилинди. 

Ҳаагада (Нидерландия) Халқаро суд ва Халқаро жиноят суди ҳам жойлашган. 

17 март куни Ҳаагадаги Халқаро жиноят суди Россия президенти Владимир Путин, шунингдек, болалар омбудсмани Мария Львова-Беловани ҳибсга олиш учун ордер берди. 

2023 йил ёзда Ҳаагада Россиянинг босқинчилик жиноятларини таъқиб қилиш халқаро маркази иш бошлаши кутилмоқда. 

Мавзуга оид