Жаҳон | 20:49 / 27.04.2023
13875
3 дақиқада ўқилади

Путин ва Эрдўған «Оққую» АЭС ёқилғисини етказиш маросимида иштирок этди 

Ҳар иккала давлат раҳбари видеоалоқа орқали тадбирда қатнашди. 

Фото: Anadolu Agency

Россия президенти Владимир Путин ва Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған Туркиянинг «Оққую» атом электр станцияси 1-сонли энергия блокига Россияда ишлаб чиқарилган ядро ёқилғисини етказиш маросимида иштирок этди. Трансляция Туркиянинг TRT телеканали ва Кремлнинг Telegram канали орқали намойиш этилди. Ҳар икки етакчи видеоалоқа орқали иштирок этди. 

Путин Туркияда иқтисодиётнинг янги юқори технологияли ядро сектори яратилаётганини қайд этди. Унга кўра, АЭС қурилишида 20 мингдан ортиқ ишчи иштирок этмоқда. Станция тўлиқ лойиҳавий қувватга эришгандан сўнг Туркия энергия истеъмолининг 10 фоизини таъминлай олади. 

Маросим олдидан Путин ва Эрдўған ўртасида телефон орқали мулоқот бўлиб ўтди. Учрашувда мамлакатлар ўртасидаги муносабатлар ва минтақавий масалалар, Россиянинг Украинадаги уруши ва ғалла шартномаси ҳам муҳокама қилинди. Икки давлат раҳбарлари ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини ошириш ва бизнес шерикликни чуқурлаштиришга келишиб олдилар. 

25 апрель куни кечқурун Туркияда бўлиб ўтадиган президентлик сайловига бағишланган жонли телекўрсатувда Эрдўғаннинг мазаси қочиб қолган эди. Шундан сўнг кўрсатув 20 дақиқага тўхтатилди. Эрдўған эфирга қайтди ва «ошқозон гриппи» билан хасталанганини айтиб, узр сўради. 

Эрдўған соғлиғи билан боғлиқ муаммо туфайли Туркиянинг бир қанча шаҳарларига сафарини бекор қилди. Норасмий манбалардан унинг юрак хуружига учрагани ҳақида хабарлар тарқалди. Аммо Туркия президенти маъмурияти қошидаги дезинформацияга қарши кураш маркази буни рад қилди. 

Туркия вице-президенти Фуат Ўқтой давлат раҳбари «енгил шамоллаганини» айтди. Туркия соғлиқни сақлаш вазири Фаҳриддин Қўжа 27 апрель куни Эрдўғаннинг соғлиғи жойида ва у тез орада ўз вазифасига қайтишини маълум қилди. 

Оққую - Туркиядаги биринчи атом электр станцияси. Бу Россия билан қўшма лойиҳа бўлиб, 2018 йилдан бери амалга оширилмоқда. Станциянинг барча агрегатларини 2028 йилгача ишга тушириш режалаштирилган.

Мавзуга оид