Ўзбекистон | 19:48 / 28.04.2023
29692
2 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев муфтий Нуриддин Холиқназаровни қабул қилди

Учрашувда диний-маърифий йўналишдаги ишлар сарҳисоб қилинган. Бу йилги Рамазонда 1 400 нафар кам таъминланган фуқаро давлат томонидан умрага юборилгани, имом-хатиблар иштирокида 1 миллиондан зиёд эҳтиёжманд аҳолининг уйида ифторликлар уюштирилгани маълум қилинди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин Холиқназаровни қабул қилди.

Расмий релизга кўра, мулоқотда диний-маърифий йўналишларда, буюк аждодлар илмий меросини ўрганиш ва халқимизга етказиш борасида амалга оширилаётган ишлар сарҳисоб қилинган.

“Бугунги таҳликали дунёда халқимиз, айниқса, ёшларга ислом моҳиятини тўғри тушунтириб бериш, жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш ҳар қачонгидан долзарб аҳамият касб этмоқда. Шу боис юртимизда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, диний таълим сифатини янада ошириш, ушбу йўналишдаги илғор халқаро тажрибани ўрганиб, юртимиздаги диний таълим муассасалари фаолиятига татбиқ этиш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда”, – дейилади президент матбуот хизмати хабарида.

Қайд этилишича, Рамазон ойи давомида барча имом-хатиблар иштирокида маҳаллалардаги 1 миллиондан зиёд кам таъминланган аҳолининг уйида ифторликлар уюштирилган. “Вақф” хайрия жамоат фонди ҳисобидан ёрдамга муҳтож фуқароларга 2 миллиард 446 миллион сўмлик хайр-у эҳсонлар қилинган.

“Бу йилги Рамазон ойидаги яна бир муҳим янгилик 1 400 нафар кам таъминланган фуқароларнинг давлат томонидан умра зиёратига юборилиши бўлди. Улар муқаддас манзилларда туриб, халқимизга тинчлик, файзу барака тилаб хайрли дуолар қилдилар.

Президент жамиятда диний бағрикенгликни янада мустаҳкамлаш, фуқароларнинг виждон эркинлигини кафолатлаш бўйича ўз фикрларини билдирди”, – дейилади расмий ахборотда.

Мавзуга оид