Жаҳон | 11:46 / 29.04.2023
4742
2 дақиқада ўқилади

Молдова Европа Иттифоқининг фуқаролик ҳимояси механизмига қўшилади

Брюссел Кишинёв учун инқироз ва фавқулодда вазиятларда бўлган мамлакатларни қўллаб-қувватлаш бўйича Европа Иттифоқи механизмига қўшилиш учун йўл харитасини эълон қилди. Молдова бир неча ой ичида унинг тўлиқ аъзоси бўлиши мумкин.

Фото: privesc.eu

Молдова Европа Иттифоқининг фуқаролик ҳимояси механизмига қўшилиш бўйича йўл харитасини олди. Тегишли ҳужжатни 28 апрел, жума куни Кишинёвда ички ишлар вазири Анна Ревенкога инқирозларни бошқариш бўйича Европа комиссари Янез Ленарчич тақдим этди. “Ушбу механизмнинг иштирокчиси бўлган давлатга айланган Молдова фавқулодда вазиятлар ва табиий офатларга самарали жавоб бериш қобилиятини мустаҳкамлайди, шунингдек, ЕИнинг кўмаги ва бирдамлигини олади”, - деди Ленарчич.

Европа комиссари Молдова бир неча ой ичида ушбу механизмнинг тўлақонли аъзоси бўла олишига умид билдирди. Бундай ҳуқуқ унга Европа Иттифоқига кириш учун номзод мақомини беради.

Европа Иттифоқининг фуқаролик ҳимояси механизми инқироз ва табиий офатлар даврида Европа давлатларини қўллаб-қувватлаш учун яратилган. Молдова бундан Россиянинг Украинага кенг миқёсли бостириб кириши оқибатида келиб чиққан қочқинлар оқимига қарши курашиш учун фойдаланган. Кишинёв ушбу механизмга расман қўшилгач, бошқа муҳтож давлатларга ёрдам таклиф қила олади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид