Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Россиялик вазир РФда ўзбек муҳожирлари сони каррасига ошганини иддао қилди. Ўзбекистон буни рад этди
Охирги 7 йилда Россияга ишлаш учун келган Ўзбекистон фуқаролари сони 4 бараварга ошди, деб даъво қилди РФ иқтисодиёт вазири Максим Решетников. Ўзбекистон Миграция агентлиги бу маълумотни рад этиб, аксинча, охирги 7 йилда Россиядаги ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари сони 25 фоизга камайганини маълум қилди. Иқтисодчи Россия томонининг иддаосидан мақсад пропаганда ва босим ўтказиш эканини айтди.
Россия иқтисодий ривожланиш вазири Максим Решетников унинг мамлакатида ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари сони кескин ошганини иддао қилди.
“Охирги 7 йилда Россияга ишлаш учун келган Ўзбекистон фуқаролари сони 4 баравар ошди”, деди у Тошкентда бўлиб ўтган халқаро инвестиция форумида.
Ўзбекистон Бандлик вазирлиги ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги бу маълумот нотўғри эканини таъкидлаб чиқди.
“Ўзбекистонлик меҳнат мигрантларининг асосий қисми Россия Федерацияси ҳиссасига тўғри келса-да, аммо хабарларда таъкидланаётгандек сўнгги 7 йилда ушбу давлатга кетаётган юртдошларимиз сони 4 баробар ошмаган.
Агар рақамларга мурожаат қилинса, Россия Федерациясида вақтинча меҳнат фаолиятини олиб бораётган ўзбекистонлик мигрантлар сони 2016 йилда тахминан 2 миллион нафар бўлган бўлса, ҳозирги вақтда бу 1,5 миллион нафарга яқинни ташкил этади”, – дейилади агентлик ахборотида.
Миграция агентлигига кўра, охирги йилларда меҳнат миграцияси географиясини кенгайтириш, хусусан, хорижда ишлаш истагидаги фуқароларни дунёнинг ривожланган давлатларига манзилли ишларга жалб қилиш бўйича қатор натижаларга эришилган.
“Жумладан, Жанубий Корея, Япония, Туркия, Германия, Буюк Британия ва Европанинг бошқа мамлакатларида қурилиш, ишлаб чиқариш, тиббиёт ва хизмат кўрсатиш соҳаларининг турли йўналишларида ишчиларга талаб юқори. Бугунги кунда Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ва 33 та давлатнинг 500 га яқин иш берувчи ташкилотлари ўртасида келишувлар мавжуд”, – дейилади расмий муносабатда.
Иқтисодчи Отабек Бакиров Россия томони тарқатган ахборотдан мақсад пропаганда ва Ўзбекистонга босим ўтказиш деб ҳисоблашини айтди.
“Агар Решетниковга ишонилса, Ўзбекистонда одам қолмаган, ҳамма Россияга мардикорчиликка кетган. Аввал ҳам кўп бора таъкидлаганимиздек, бугунги Россиянинг империяча ва шовинистик мафкураси ҳатто фуқароларнинг мамлакатлар ўртасида ҳаракатланишида ҳам ўзининг касал хоҳишларини ифода этади. Вергул ва абзацлар орқали ўқилса, уларнинг ишоралари аниқ ва осмондан олинган бу рақамлардан мақсади ҳам тайин. Яъниким, биз [гўёки] Россияга қараммиз, узиб бўлмас даражада боғлиқмиз, ўзимизни билиб, уларнинг қош-қовоғига қараб иш тутишимиз керак”, – дея ёзди у.
Отабек Бакиров Россия Федерациясининг расмий статистикасига мурожаат қилган. Росстатга кўра, 2023 йил 1 январ ҳолатига, Россияда жами 1 млн 223 минг нафар ўзбекистонлик меҳнат фаолиятини амалга оширмоқда. Россияда ишлаётган ўзбекистонликларнинг сони 2022 йил 1 январга нисбатан жами 12,8 минг нафарга камайган.
Мавзуга оид
14:16 / 14.05.2026
Миграция агентлиги собиқ ходими халқаро қидирувга берилди
13:32 / 14.05.2026
Кореяга ишга юборишдаги йирик схема: Kun.uz бу ҳақда уч йил олдин бонг урган эди
10:53 / 14.05.2026
Ўзбекистонда Кореяга ишга юбориш билан боғлиқ коррупцион схема фош этилди
18:27 / 09.02.2026