Ўзбекистон | 10:12 / 02.05.2023
2374
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда Афғонистонда гиёҳванд моддалар билан боғлиқ вазият мониторинги бўйича марказ очилади

Ўзбекистоннинг Австриядаги элчиси ва Вена шаҳридаги халқаро ташкилотлардаги доимий вакили Абат Файзуллаев БМТнинг Наркотиклар ва жиноятчилик бўйича бошқармаси (БМТ НЖБ) сиёсат таҳлили ва жамоатчилик билан алоқалар бўлими директори Жан-Люк Лемайё билан учрашди, деб  хабар бермоқда «Дунё».

Фото: Dunyo

Суҳбат чоғида Ўзбекистон ва БМТ НЖБ ўртасидаги ҳамкорликнинг ҳозирги ҳолати ва мустаҳкамлаш истиқболлари муҳокама қилинди. Жан-Люк Лемайё Ўзбекистон ҳукуматига гиёҳванд моддалар тарқалишига қарши курашиш бўйича саъй-ҳаракатларни, хусусан, Афғонистон ва қўшни мамлакатларда гиёҳванд моддалар билан боғлиқ вазиятни мониторинг қилиш бўйича тадқиқот марказини ташкил этиш ташаббусини қўллаб-қувватлагани учун чуқур миннатдорлик билдирди. У марказнинг очилиш маросимида иштирок этиш учун 4-5 май кунлари Ўзбекистонга ташриф буюришни режалаштираётгани ҳақида ҳам маълум қилди.

Марказни ташкил этиш тўғрисидаги келишув 2021 йил 24 ноябрдаги Ўзбекистон президентининг БМТ НЖБ ижрочи директори Гада Фатхи Вали билан учрашуви давомида эришилган ва 2022-2025 йилларга мўлжалланган Ўзбекистон ва БМТ НЖБ ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни янада ривожлантириш бўйича «йўл харитаси»га киритилган.

Учрашувда минтақавий ва халқаро кун тартибидаги масалалар, хусусан, Афғонистондаги вазият билан боғлиқ масалалар муҳокама қилинди.

Томонлар кўп томонлама халқаро ҳамкорлик трансмиллий жиноятчилик, наркотик моддаларнинг ноқонуний айланиши ва гиёҳванд моддаларни истеъмол қилишга қарши курашда самарали халқаро жавоб чораларини мувофиқлаштиришнинг калити эканлигини таъкидладилар.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид